Эрон глобал савдонинг энг муҳим нуқталаридан бири бўлган Ҳормуз бўғози устидан назоратни кучайтириш мақсадида айрим танкерлардан ўтиш учун 2 миллион доллар миқдорида ҳақ ундиришни бошлади. Бу ҳақда манбаларга таяниб Fox News хабар берди.
“Урушнинг ўз харажатлари бор”
Эронлик қонун чиқарувчи Аловиддин Боружерди 22 март куни мамлакат давлат телерадиокомпаниясига (IRIB) берган интервьюсида ушбу улкан бож сув йўлини назорат қилишдаги янги ёндашув эканини билдирди.
“Айрим кемалардан транзит тўлови сифатида 2 миллион доллар ундирилиши Эроннинг қудратини акс эттиради. Урушнинг ўз харажатлари бор, шунинг учун биз Ҳормуз бўғозидан ўтаётган кемалардан бож олишга мажбурмиз”, деди парламентнинг миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси.
Унинг таъкидлашича, мазкур чора аллақачон амалга оширилмоқда ва бу ўн йилликлардан сўнг бўғозда ўрнатилган янги суверен режимнинг намунасидир.
Эроннинг ушбу ҳаракатлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг кескин огоҳлантиришидан сўнг янгради. Трамп 21 март куни агар бўғоз 48 соат ичида тўлиқ очилмаса, АҚШ Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарба беришини маълум қилди.
“Агар Эрон 48 соат ичида Ҳормуз бўғозини ҳеч қандай таҳдидларсиз тўлиқ очмаса, Вашингтон уларнинг электр станцияларини яксон қилади! Биз ишни энг йиригидан бошлаймиз!” деб ёзди Трамп Truth Social тармоғида.
Бунга жавобан Эроннинг Халқаро денгиз ташкилотидаги доимий вакили Али Мусавий бўғоз Эроннинг душманларидан ташқари ҳамма учун очиқлигини айтди. Мамлакат президенти Масъуд Пезешкиён ҳам X тармоғида: “Ҳормуз бўғози тупроғимизни бузганлардан ташқари барча учун очиқ”, дея Эрон сиёсатига аниқлик киритди.
Шундан сўнг, Трамп 23 март куни Уруш вазирлигига Эрон электр станциялари ва энергетика инфратузилмасига зарбалар беришни беш кунга тўхтатишга буйруқ берди. У, шунингдек, Эрон билан самарали музокаралар ўтказилаётганини таъкидлади. Аммо Эроннинг Tasnim агентлиги икки давлат ўртасида ҳеч қандай музокара бўлмаганини қайд этди.
Lloyds List нашрининг хабар беришича, Эрон амалда бўғозда ўзига хос хавфсиз йўлак ташкил қилган. Унда текширувдан ўтган танкерларга пул эвазига ўтиш таклиф қилинмоқда. Камида битта ҳолатда 2 миллион долларлик тўлов амалга оширилгани қайд этилган.
Ҳозирда Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Малайзия ва Ироқ каби давлатлар кемалар транзити бўйича Теҳрон билан музокаралар олиб бормоқда. Эрон Инқилобий гвардияси эса “маъқулланган” кемаларни рўйхатга олишнинг янги тизимини жорий этган.
Одатда Ҳормуз бўғози орқали кунига 20 миллион баррел нефть ва глобал суюлтирилган табиий газ (LNG) савдосининг қарийб 20 фоизи ўтади. Сув йўлининг ёпилиши ёки чекловлар юк ташиш ва суғурта харажатларини кескин ошириб, нефть нархини юқорига сурди ва глобал иқтисодий хавотирларни кучайтирди.








