Daryo

Электромобилларни қувватлаш станциялари электрдан узилмоқда. Ўзи нима гап?

Икки ҳафтадан ортиқ вақт ичида 4 та компаниянинг 230 дан ортиқ электромобилларни қувватлаш станцияси огоҳлантиришсиз токдан узилди. Пойтахт ҳокимлиги ноқонуний ўрнатилгани учун тармоқдан узилаётганини таъкидлаб, буни “мажбурий чора” деб атади. Ҳукумат эса станцияларни ўрнатиш бўйича аниқ тартибнинг ўзи йўқлигини тан олди. Ҳар доимгидек сенатор ва депутатлардан ғишт қолипдан кўчгач, садо чиқди.

9 дақиқа ўқиш27 353 кўришлар0 изоҳ10

Ўзбекистонга электромобиллар кириб келиши билан уларни қувватлаш масаласи ҳам кун тартибига чиқа бошлади. 2021 йилдан қувватлаш станцияларини ўрнатувчи компаниялар ўз фаолиятини йўлга қўйди. Бу йўналишда бизнес қилишни бошлаган бир қанча компаниялар 5 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат бўйлаб станцияларни ўрнатиб, бутун бир тизимни яратишди. Бу Ўзбекистон учун янги фаолият йўналиши бўлганлиги учун аниқ бир тартибнинг ўзи мавжуд эмас эди.

Ҳозирга қадар компаниялар қувватлаш станцияларини меҳмонхоналар, автотураргоҳлар ва бошқа хусусий секторлар ерларига ижара асосида жойлаштириб, шартнома асосида электр тармоқларига уланиб, фаолиятини юритиб келаётгани айтилмоқда.

2026 йил бошидан эса ҳокимият, ЭТКлар томонидан қувватлаш станциялари фаолиятини тартибга солиш баҳонасида уларни огоҳлантиришларсиз электрдан узиб қўйиш ҳолатлари кузатила бошлади.

“Дарё” мазкур воқеалар ривожини бир материалга жамлаб, ўзи нима гап бўлаётганини таҳлил қилди.

230 дан ортиқ станция узилган

Фото: “Дарё” / Фаррух Алиев

“Дарё” мухбири қувватлаш станцияларини ўрнатувчи компаниялар билан боғланиб, ҳозирда уларнинг нечта станцияси электрдан узиб қўйилгани билан қизиқди.

Ўзбекистон бўйлаб 2000 дан ортиқ станцияга эгалик қилувчи Megawatt Energy вакилининг айтишича, ҳозирги кунда 20 дан ортиқ станцияси токдан узилган. Улар кунига 400 та машинага хизмат кўрсатар эди, узилиш оқибатида икки ҳафта ичида 5600 та мижозга хизмат кўрсатишнинг имкони бўлмаган.

К-Wатт компанияси вакили маълумотига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 64 та станцияга эгалик қилади ва шундан 12 таси тармоқдан узиб қўйилди. “Бунинг оқибатида кунига 1000 та мижозга хизмат кўрсата олмаяпмиз. Бу ўтган 2 ҳафта ичида 14 минг мижоз дегани”, деди компания вакили.

Спеcтре Energy компанияси вакилининг сўзларига кўра, юзага келган вазият сабабли 120 та станция фаолияти ноқонуний равишда чеклаб қўйилган. “Кунига бир станциямиздан ўртача 30 та электромобиль фойдаланади. Бундан келиб чиқадики ҳар куни 3600 та мижоз кийналмоқда. Бу ҳолат 14 кундан бери давом этмоқда, бу 50 400 та заряд имконсиз бўлди дегани”, деди компания вакили.

Мамлакатда 1000 га яқин қувватлаш станцияларига эгалик қилувчи TokBor компанияси вакили эса 83 та станцияси токдан узилганини маълум қилди.

Мазкур компаниялар вакиллари таъкидлашича, масъул ташкилотлар кунига камида биттадан станцияни электр энергияси таъминотидан ажратмоқда.

Пойтахт ҳокимлиги позицияси

Фото: “Дарё”

Тошкент шаҳар ҳокимлиги станциялар тармоқдан узила бошлаган вазиятга муносабат билдириб, буни “уланишларни тартибга солиш ва аҳоли учун хавф-хатарларни камайтириш” билан боғлади.

Ҳокимлик ташаббус билан чиқиб, 3 мартдан бошлаб 12 та ишчи гуруҳ тузилгани ва пойтахтда текширув ўтказилаётганини маълум қилганди.

“Хатлов давомида айрим қоидабузарликлар аниқланди: 101 та шохобча зарур ҳужжатлари йўқлиги сабабли вақтинча тармоқдан узилди, шунингдек, 62 та шохобчанинг электр таъминоти корхоналари билан шартномаси мавжуд эмаслиги маълум бўлди”, дейилади муносабатда.

Фото: Скриншот

Эътиборли жиҳати, ҳокимлик ўз муносабатида техник шартларни келтирган, лекин ўзи ҳам аниқ талаб йўқлигини ва уни белгилаш зарурлигини қайд этган.

Тармоқларда пойтахт ҳокимлиги матбуот котиби Гулноза Касимованинг таъкидлашича, Компанияларга станция ўрнатишга рухсат берилмаган. “Ноқонуний, рухсатномасиз, ўзбошимчалик билан ўрнатилганлиги учун тўхтатилган. Рухсатномаси борлар ишини давом эттирмоқда”, деган у.

“Барча учун мағлубиятли ҳолат”

Фото: “Дарё” / Исломбек Умаралиев
Абдураҳмон Бахтиев (марказда)

“Дарё” мухбирининг хабар беришича, 12 март куни ўтказилган матбуот анжуманида шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев станцияларни тармоқдан узиш масаласини “барча учун мағлубиятли ҳолат” деб атаган.

“Ҳокимлик позициясини қисқача айтаман. Нега биз бундай қарорга келдик? Регламент бор, шаҳар ери бор. Шаҳар ҳудудига қувватлаш станциясини ўрнатиш учун онлайн аукционда қатнашиб, шу ерни сотиб олиш керак. Ҳозирда ўчириб қўйилган станциялар шаҳар ерида турибди ва бунинг учун пул тўламаяпти, қолаверса, улар онлайн аукцион орқали сотиб олинмаган. Шунинг учун уларни ўчиришга мажбур бўлдик”, деди Абдураҳмон Бахтиев.

У шунингдек ҳозиргача тадбиркорлар қандай йўл билан фаолиятини йўлга қўйганига тўхталди.

“Ҳудудга яқин жойда жойлашган дўкон билан келишиб, унинг кадастр рақамини олиб, тегишли рухсат берувчи ташкилотларга ҳужжат топширади. Шу кадастр асосида рухсатнома олишади. Шу тарзда маълумотлар бир оз бузиб кўрсатилиши содир бўлмоқда, бунинг натижасида шаҳар бюджети ўз пулини ололмай қоляпти”, деди ҳокимлик вакили.

Ҳоким ўринбосари станцияларни ўчирилишини мажбурий чора деб атади. “Чунки, ўзингиз биласиз, қишки ва ёзги мавсум - туман электр таъминоти корхоналари ҳамда шаҳар электр тармоқлари учун оғриқли масала”, деди у.

Унинг қўшимча қилишича, параллел равишда станцияларга эгалик қилувчи компаниялар вакиллари билан муаммо ечими бўйича муҳокамалар бошлаб юборилган.

“Электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатиш учун ер участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш бўйича регламентни янгилаш устида ишлаяпмиз. Тан олиш керак, бу ерда озгина бюрократия ва яхшилаш керак бўлган жиҳатлар бор. Халқаро тажрибани ўрганяпмиз. Ҳаттоки Жаҳон банки билан ҳам алоқа ўрнатдик, уларда мазкур соҳада рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштириш бўйича лойиҳаси бор”, деди Абдураҳмон Бахтиев.

“Ягона тартибнинг ўзи йўқ”

Ҳукумат комиссиясининг тадбиркорлар билан 28 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда Megawatt Energy, Тоkbor, К-Wаtt, Spectrе Energy каби компаниялар вакиллари Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаевга юзланиб, мазкур муаммони ҳал қилишда ёрдам сўради.

Megawatt Energy вакили Александр Абдуллаевнинг айтишича, мамлакатда 3 йил давомида 2000 дан ортиқ қувватлаш станцияларидан иборат йирик тизимни яратишган.

Фото: Скриншот
Фото: Александр Абдуллаев (чапдан биринчи)

“Бу 2000 та қувватлаш станциялари 150 000 дан ортиқ электромобиль ҳамда гибрид машиналарни ток билан таъминлаб келмоқда. Сўнгги кунларда ЭТКлари билан курашмоқдамиз. Бу фаолиятимизга ноқонуний аралашув билан боғлиқ, улар бизнинг станцияларимизни ўчириб қўйишди. Ҳужжатларни олиб келинглар дейишяпти, олиб бориб кўрсатяпмиз. Лекин барибир ёқишмаяпти. Бу жуда ҳам жонга етди. Мазкур масалага аралашиб, тегишли ташкилотлар билан бир стол устида муҳокама ташкил этиб беришингизни сўраймиз”, - деди у.

Суҳбатга Бизнес-омбдусман ўринбосари Жамшид Урунов аралашиб, электромобилларни қувватлаш станцияларини ўрнатиш юзасидан ягона бир тартибнинг ўзи йўқлигини таъкидлади.

Фото: Скриншот
Фото: Жамшид Урунов

“Қувватловчи станцияларни ўрнатиш учун ягона тартиб йўқ. Булар йўлларини қилиб, кимдандир иккиламчи ижарага олиб, мисол учун меҳмонхоналар ёки бошқа хусусий сектор олдига қўйиб чиқишган. Бугунги кунга келиб, К-савдо платформасига қўйиш тартиби йўқ, унга қўйилмайди. Бошқа ҳолатда эса 1-2 кв метр жойни ажратиш бўйича ҳам умуман тартиб йўқ. Шунинг учун булар қайсидир жойда кадастр, қайсидир жойда электросет, қайсидир жойда ҳокимият билан келишиб ўрнатишяпти”, деди у.

Жамшид Ходжаев эса Бизнес-омбдусман ўринбосаридан тадбиркорларга қандай ечим қилиб бериш мумкинлигини сўради.

“Биринчидан, имконияти бўлса, ҳозирча буларга ишлаб туришга рухсат бериш керак. Иккинчидан, биз ё К-савдўга бу йўналишни чиқартириб, ишлаш учун имконият яратиб беришимиз керак. Ёки бўлмаса, мана шу қувватлаш станциялари ишлаши учун алоҳида тартиб ишлаб чиқишимиз керак”, деди Жамшид Урунов.

Давлат активларини бошқариш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Нодирбек Хусановнинг тартиб апрелгача ишлаб чиқилишини маълум қилди. “Қувватлаш станцияларини қонуний қилиш масаласида бу йил тартиб ишлаб чиқамиз ва К-савдўга ҳам қўямиз. Апрелгача киритамиз ва кейин савдога чиқарамиз”, деди Нодирбек Хусанов.

TokBor компанияси вакили ҳозиргача қай тартибда ишлаб келишганини тушунтирди.

Фото: Скриншот

“600 дан ортиқ станциямиз Тошкент шаҳрида жойлашган. Ер участкаларини сотиб олган ҳолатларимиз бор, К-савдо орқали олган вазиятларимиз бор. Тошкент шаҳрида 90 фоиз ҳолатда жой эгалари билан тузилган ижара шартномаси орқали ўрнатганмиз ва уларнинг трансформаторига уланганмиз. Биз ҳозирча тартиб-қоида ишлаб чиқилмаганини тушунамиз. Лекин тартиб ишлаб чиқилгунига қадар, огоҳлантиришсиз келиб, станцияларимизни оммавий тарзда ўчириб кетилиши нотўғри деб ўйлаймиз. Чақириб, ҳужжатимизни сўраб, амалий ёрдам берса бўладиган жойларда ёрдам қилиб, ҳал этсак бўларди”, - деди TokBor вакили.

Даврон Ваҳобов ушбу тадбиркорга иккиламчидан электр энергияни қанчадан харид қилаётганини сўради.

“Иккиламчи бозордан 1 кв электрни давлат белгилаган тарифда дифференсиал бўлса, дифферансиал тарифда бўлмаса, 1000 сўмдан сотиб оламиз”, деди TokBor вакили.

Фото: Скриншот
Фото: Жамшид Ходжаев

“Гап сизлар ноқонуний ишлатишларингда эмас. Гап, мана Энергетика вазирлиги, Ҳудудий электр тармоқлари гапирсин, булар сизлар ишлатаётган жойда бунчалик электр энергияга талаб юқори бўлишини ўзининг трансформаторлари, линияларида назарда тутмаган. Булар шундан қўрқади. Эртага трансформатор куяди, қанақадир линиялар ўчади, булар текширса, жуда катта ҳажмдаги электр энергия ишлатилаётган бўлади. Юридик шахс ижарага бераман, пул қиламан деган. Энергетик нуқтаи назардан юклама ҳисобга олинмаган-ку”, - деди Жамшид Ходжаев.

“Ҳудудий электр тармоқлари” раҳбари ўринбосари вазиятнинг бошқа тарафига ойдинлик киритишга уринди.

“Истеъмолчини тармоғига уланган. У биз билан шартнома тузиб, электр энергия учун тўлов қиляпти. Ва субистеъмолчи сифатида ўзининг қувватлаш станциясини ўз ҳудудига ёки ҳудудидан ташқари кадастри йўқ объектга жойлаштириб боряпти. Биринчидан, бизни тармоғимизга бирданига юклама ошиб кетяпти. Булар ҳозир биз техник шартда истеъмолчига берилган қувватдан чиқмаяпмиз, шуни доирасида ишлатаяпмиз-ку, деган савол қўйяпти. Лекин, бизга электр энергияни тармоққа улаш учун ҳужжат берган вақтида, мисол учун, ишлаб чиқаришга деб кўрсатяпти-да, кейинги босқичда фаолият турини ўзгартириб, қувватлаш станциялари ўрнатяпти. Бу нотўғри”, деди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Бобир Исломов.

Жамшид Ходжаев бу станциялардан халқ фойдаланаётганини айтиб, тегишли ташкилотлар масъулларидан иборат ишчи гуруҳ тузишни ва икки ҳафта ичида таклиф киритишни топширди.

Тадбиркор масала ҳал қилингунга қадар станцияларни ишлатиб туришга рухсат сўради.

Жамшид Ходжаев бунга қуйидагича жавоб берди: “Мен ҳозир сизга ҳа ишлатаверинг ёки йўқ ишлатманг деб айтолмайман. Ишчи гуруҳ ўргансин. Чунки ишлатаверинг десам, тасаввур қилинг, менга ЭТК чиқиб, сиз айтган эдингиз, мана бу туман светдан узилди, мана шунча халқ чиқди, ҳаммаёқ расво бўлди деса, кейин мен қандай бўйнимга оламан?”.

Тилга кирган сенатор ва депутатлар

Фото: “Дарё” / Мадина Нурман

Пойтахтда электромобилларни қувватлаш станциялари билан боғлиқ мураккаб вазият юзага келганидан икки ҳафта ўтибгина депутатлар ва сенаторлар муносабат берди. Бу вақтда эса ҳокимлик 200 дан ортиқ станцияларни токдан узишга улгурди.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобил Турсунов мазкур масалада Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов номига сенатор сўрови юборди. Унда электромобиллар ва гибрид транспорт воситалари учун қувватлаш станцияларини электр тармоғидан узиш ёки уларнинг фаолиятини чеклаш сабаблари ҳақида маълумот бериш сўралган.

Шунингдек, қувватлаш станцияларини қўллаб-қувватлаш, тегишли инфратузилмани ривожлантириш ҳамда бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ва режалаштирилаётган чора-тадбирлар юзасидан асослантирилган ахборот тақдим этиш талаб қилинган.

ЎзЛиДеП партияси қувватлаш станциялари токдан узилиши ва автобус бекатларидаги доконлар бузилишига муносабат билдирар экан, буни давлат ташкилотлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига асоссиз равишда аралашув ва хусусий мулк дахлсизлигини бузиш деб баҳолади.

“Тадбиркорлар фаолиятини йўлга қўйиш ва тегишли объектларни ўрнатиш жараёнида қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатномалар олиб, аммо, кейинчалик уларни “ноқонуний” ёки “дизайн-кодга мос келмайдиган”, деб топиб, суд қарорисиз бузиб ташлашга асос бўла олмайди”, — дейилади муносабатда.

Партия “ноқонуний қурилмалар”, деб топилган объектлар масаласи фақат суд тартибида кўриб чиқилиши шартлигини қайд этди. Фраксия аъзолари давлат ташкилотларига депутатлик сўровлари юборилиши маълум қилинди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар