Daryo

Чилонзорда наркокурерларни ушлаган инспекторга муддатидан олдин майор унвони берилди

Гумонланувчиларнинг ёнидан 295 дона прегабалин ва 35 дона кучли таъсир қилувчи капсула топилган. Маҳалладаги бир неча жойга кўмиб қўйилган дори воситалари ҳам аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

1 дақиқа ўқиш161 147 кўришлар0 изоҳ161

Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида наркокурерлар фаолиятига чек қўйган профилактика инспектори хизматдаги жасорати учун муддатидан олдин маёр унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Жамоат хавфсизлиги департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳодиса “Хавфсиз ва соғлом юрт” ойлиги ҳамда ҳудудларда хавфсиз муҳитни таъминлашга қаратилган тезкор-профилактик тадбирлар доирасида содир бўлган. 13 март куни Хирмонтепа маҳалласи профилактика инспектори, капитан Лазиз Абдукаримов кўчада шубҳали ҳаракатланаётган икки нафар шахсни текшириш мақсадида тўхтатган.

Бироқ гумонланувчилар ходимнинг қонуний талабига бўйсунмай қочишга уринган. Профилактика инспектори улардан бирини қувиб етиб, ушлаган. Холислар иштирокида текширув ўтказилганда, унинг ёнидаги сумкадан 59 та зип-пакетга қадоқланган 295 дона прегабалин кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланган.

Тезкор суриштирув давомида қўлга олинган шахс маҳалла ҳудудидаги бир нечта жойларга кўмиб қўйган ҳамда геолокация орқали белгилаб кетган дори воситалари ҳам аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида гумонланувчининг қочиб кетган шериги ҳам Шайхонтоҳур тумани ҳудудида қўлга олинган. Унинг ёнидан ҳам тарқатиш учун тайёрланган 35 дона кучли таъсир қилувчи капсула топилган.

Фото: Жамоат хавфсизлиги департаменти

Капитан Лазиз Абдукаримовнинг хизмат вазифасини сидқидилдан бажаргани ҳамда мураккаб вазиятда қатъият билан ҳаракат қилгани инобатга олиниб, ички ишлар вазири буйруғи билан унга муддатидан олдин майор махсус унвони берилган.

Аввалроқ Бухоронинг Вобкент туманида аёлнинг ҳаётини сақлаб қолган инспектор муддатидан олдин майор бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ходим бир аёл туман марказидан оқиб ўтувчи дарёга ўзини ташлаганига гувоҳ бўлиб қолган. Шундан сўнг у ўзини сувга ташлаган ва аёлни тутиб қолишга улгуриб, қирғоққа олиб чиққан.

Фуқаро туман шифохонасига етказилган ва унинг ҳаёти сақлаб қолинган. Ички ишлар вазирининг буйруғига кўра, фавқулодда вазиятда кўрсатган жасорати, қатъияти ва касбига садоқати учун капитан Амрилло Расуловга муддатидан олдин майор махсус унвони берилган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар