АҚШнинг Нью Йорк шаҳрида содир бўлган ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 10 март куни Нью Йорк шаҳрида содир бўлган. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Ўзбекистон фуқароси Нилуфар Комилова вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса Нью Йорк шаҳри Транспорт департаментига тегишли юк машинаси иштирокида содир бўлган.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг шаҳардаги Бош консулхонаси марҳуманинг яқинлари билан доимий алоқада бўлиб турибди. Дипломатик ваколатхона томонидан зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, дипломатик ваколатхона Нилуфар Комилованинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдириб, таъзия изҳор қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил декабрида АҚШнинг Род Айленд штатидаги Браун университетида содир бўлган отишмада ўзбекистонлик талаба Муҳаммадазиз Умурзоқов ҳалок бўлганди.
Ўзбекистоннинг АҚШдаги ваколатхоналари вакиллари марҳумнинг қариндошлари билан доимий алоқада бўлиб, АҚШнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда барча масалалар юзасидан яқиндан иш олиб борган.








