Тошкент шаҳрида хизмат вазифасини бажараётган йўл-патрул хизмати инспекторини машинада уриб юборган ҳайдовчига нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда “Миллар” кўрсатувида хабар берилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса 2024 йил 12 май куни соат тахминан 19:20 да содир бўлган. Суд ҳужжатларига кўра, ҳайдовчи BYD Han русумли автомобилни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларсиз, соатига тахминан 100 километр тезликда бошқариб кетаётган вақтида ЙПХ инспекторининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаган. У хизмат олиб бораётган инспекторни автомобилнинг олд қисми билан уриб юборган.
Шифокорларнинг айтишича, инспектор оғир жароҳатлар билан шифохонага олиб келинган. Унинг танасида бир нечта синишлар аниқланган ва у саккиз кун реанимация бўлимида даволанган. Тезкор тиббий ёрдам кўрсатилгани сабабли ходимнинг ҳаёти сақлаб қолинган, бироқ у оёқ қисмидан жиддий жароҳат олган.
Жабрланувчининг яқинлари ҳодисадан кейин у узоқ вақт даволанганини айтмоқда. У 34 кундан сўнг ўзига келган, олти ой давомида ётиб даволанган ва қарийб бир йил ўтиб яна ишга қайтган. Шу билан бирга, ҳодиса оқибатлари сабаб ҳозир ҳам соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолаётгани таъкидланган.
Мазкур жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида кўриб чиқилди. Суд қарорига кўра, ҳайдовчи Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “б” банди ҳамда 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.
Суд жараёнлари давомида жабрланувчи томони ҳайдовчи ёки унинг яқинлари томонидан воқеадан кейин ёрдам кўрсатилмаганини ҳам билдирган. Жабрланувчининг яқинлари фуқароларни транспорт воситасини ҳужжатларсиз бошқармасликка ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилишга чақирди.








