Daryo

Саудиядаги АҚШ базалари Эронга қарши фойдаланилиши мумкин

Қироллик Эронни ҳужумларни давом эттириши оқибатидан огоҳлантирди. Саудия ташқи ишлар вазири эронлик ҳамкасбига Ар-Риёднинг позициясини етказди.

2 дақиқа ўқиш9 924 кўришлар0 изоҳ4

Саудия Арабистони Эрон ва АҚШ ўртасидаги можарони дипломатик йўл билан ҳал этишни қўллаб-қувватлайди. Бироқ қироллик ҳудуди ёки унинг энергетика инфратузилмасига Эрон ҳужумлари давом этса, Ар-Риёд жавоб чораларини кўриши мумкин. Бу ҳақда масаладан хабардор тўрт манба Reuters агентлигига маълум қилди.

Манбаларга кўра, 6 март куни Саудия ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фарҳон эронлик ҳамкасби Аббос Ароқчи билан телефон орқали мулоқот қилиб, Ар-Риёд позициясини етказган. У кескинликни камайтириш ва можарони музокаралар орқали ҳал этишга қаратилган воситачиликни қўллаб-қувватлашини билдирган.

Шунингдек, Саудия Арабистони ва Форс кўрфазидаги бошқа давлатлар Эрон ҳудудига зарба бериш учун АҚШга ўз ҳаво ҳудуди ёки еридан фойдаланишга рухсат бермаганини таъкидлаган. Аммо шаҳзода Файсал агар Эроннинг Саудия ҳудуди ёки энергетика инфратузилмасига ҳужумлари давом этса, АҚШ кучларига қиролликдаги базалардан ҳарбий амалиётлар учун фойдаланишга рухсат беришга мажбур бўлишини айтган.

У қиролликнинг муҳим энергетика объектларига ҳужумлар давом этса, жавоб зарбалари берилиши мумкинлигидан огоҳлантирган. 28 февраль куни Эрон ядровий дастури бўйича музокаралар барбод бўлганидан сўнг АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳужумлари бошланди. Шундан бери Саудия Арабистони элчиси орқали Теҳрон билан мунтазам алоқада бўлиб келмоқда.

Сўнгги бир ҳафта ичида Бирлашган Араб Амирликлари, Кувайт, Қатар, Баҳрайн ва Саудия Арабистони Эрон томонидан уюштирилган дрон ва ракета зарбаларига учради.

Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий урушнинг биринчи кунидаёқ ҳалок бўлди. Шундан сўнг Теҳрон Яқин Шарқдаги АҚШ ҳарбий объектларига ва Исроилга авиазарбаларини кучайтирди. Исроил эса Ливандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳига ҳужум қилди.

Аббос Ароқчи 7 март куни берган интервьюсида Саудия ташқи ишлар вазири ва бошқа саудиялик расмийлар билан доимий алоқада эканини айтиб, Ар-Риёд Теҳронга ўз ҳудуди, сувлари ёки ҳаво ҳудуди Эронга қарши ҳужумлар учун ишлатилишига йўл қўймаслигини кафолатлаганини таъкидлади.

Эрон президенти Масъуд Пезешкиён минтақадаги кескинликни юмшатиш мақсадида қўшни давлатларга қилинган ҳужумлар учун улардан узр сўради. У агар Эронга зарбалар бу давлатлар ҳудудидан амалга оширилмаса, қўшни давлатларга ҳужумлар тўхтатилишини айтди.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар