Daryo

Туркманистон президенти чегара хавфсизлиги бўйича йиғилиш ўтказди

Мамлакат Яқин Шарқдаги можарони сиёсий ва дипломатик воситалар ёрдамида ҳал этиш тарафдори.

2 дақиқа ўқиш4 474 кўришлар0 изоҳ1

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов 4 март куни мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мавзусида Давлат хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказди. Бу ҳақда Туркманистон ахборот агентлиги хабар берди.

Миллий хавфсизлик вазири Довлетгелди Мередов “тинчлик ва осойишталикни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ҳисобот топширган. Президент эса “мамлакатнинг конституциявий тузуми ва миллий манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича бир қатор аниқ топшириқлар” берган. 

Давлат чегара хизмати бошлиғи Илам Иламанов эса чегараларнинг “ишончли ҳимояси”ни таъминлаш бўйича маълумотлар улашган. Сердар Бердимуҳамедов Туркманистоннинг давлат чегараси дўстлик ва қардошлик чегараси эканини таъкидлаб, уни қўриқлаш бўйича ишларни давом эттиришни топширган.

Шундан сўнг, йиғилиш иштирокчиларига мурожаат қилган президент “мамлакат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини юқори даражада таъминлаш чоралари кўрилаётганини” айтган. Бердимуҳамедов бу чоралар мудофаа характеридаги ҳарбий доктринага мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлаган.

“Мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашга устувор эътибор қаратилмоқда”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги 2 март куни Яқин Шарқдаги вазият кескинлашганидан хавотир билдирган эди. Мамлакат барча мураккаб халқаро масалалар БМТ низоми ва халқаро ҳуқуқ асосида, фақат сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал этилиши тарафдори.

​Яқин Шарқдаги можаро

АҚШ ва Исроил 28 февралдан бери Эронга зарбалар бермоқда. Теҳрон АҚШнинг ҳарбий базалари ва дипломатик миссиялари жойлашган Исроил ва Форс кўрфази мамлакатларига ҳужумлар билан жавоб қайтармоқда.

Испания расман ўзининг иккита авиабазасидан Эронга қарши ҳужумларда фойдаланишни тақиқлаган. Буюк Британия эса дастлаб рад жавобини берган, кейинроқ эса АҚШ таклифига рози бўлган. Германия Эронга қарши ҳужумларда иштирок этмаслигини билдириб, можародан “чиқиш стратегияси” йўқлигидан хавотир билдирди. 4 март куни Эрондан Туркия томон баллистик ракета учирилди.

Туркия Мудофаа вазирлиги ракета НАТО ҳаво кучлари тизими ёрдамида уриб туширилганини маълум қилган. Аммо Эрон Қуролли кучлари Туркия ҳудудига ракета учирилгани ҳақидаги маълумотни рад этиб, Туркия суверенитетини ҳурмат қилишини билдирди.

5 март куни эса Озарбайжон ҳудудига Эроннинг иккита дрони қулаб тушди, икки киши жароҳат олди. Дронлардан бири Нахичивон автоном республикаси аэропорти ҳудудига (видеода), иккинчиси эса Шакаробод қишлоғидаги мактаб биноси яқинига қулаган.

Ўқувчилар ва устозлар ҳудуддан эвакуация қилинган. Озарбайжон Туркия сингари ҳужумга жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини таъкидлади.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар