АҚШ президенти Дональд Трампнинг маслаҳатчилари ва яқин иттифоқчилари Эронга қарши ҳарбий амалиётни имкон қадар тезроқ якунлашга ҳамда АҚШни ғолиб деб эълон қилишга чақирмоқда. Бу ҳақда CNN манбаларига таяниб The Мосcоw Times хабар берди.
Манбаларнинг таъкидлашича, ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бир неча кун ўтгач, Оқ уй мулозимлари ва иттифоқчилари ўртасида аниқ мақсадга эга бўлмаган ҳамда жамоатчилик томонидан суст қўллаб-қувватланаётган узоқ муддатли урушнинг сиёсий оқибатлари борасида хавотирлар пайдо бўлган.
Хусусан, расмийлар ушбу уруш ноябрь ойига белгиланган Конгрессга оралиқ сайловларда республикачиларнинг натижаларига салбий таъсир кўрсатишидан чўчимоқда.
“Бу шубҳасиз сиёсий таваккалчилик. Келинг, ҳеч қандай ёмон ҳолат содир бўлмаслигига умид қилайлик. Чунки агар шундай бўлса, бу катта муаммога айланади”, дейди АҚШ президенти маслаҳатчиларидан бири.
CNN манбаларига кўра, ҳатто Эронга зарбалар берилмасидан олдин ҳам маслаҳатчилар Трампни ушбу амалиётдан воз кечишга кўндиришга уринган. Уруш бошлангач эса бир неча кун давомида низони оқлаш учун ишончли изоҳ ишлаб чиқишга ҳаракат қилган. Бу ҳолат юқори мартабали мулозимлар томонидан бир-бирига зид баёнотлар берилишига ва Оқ уйнинг коммуникация стратегиясида чалкашликларга олиб келган.
“Тезкор ғалаба” сценарийси
Ҳозирда Трампнинг айрим иттифоқчилари АҚШ бир неча ҳафта ичида амалиётнинг асосий қисмини якунлаб, Эроннинг ҳарбий салоҳиятини сезиларли даражада заифлаштирадиган сценарийга умид қилмоқда. Бу президент маъмуриятига ғалаба эълон қилиш ва сайловлар олдидан ички муаммоларга эътибор қаратиш имконини беради.
Бироқ таҳлилчиларнинг фикрича, ҳатто ушбу сценарий амалга ошган тақдирда ҳам, Трамп учун сиёсий манфаатлар чекланган бўлади. Чунки сайловчилар, биринчи навбатда, мамлакатдаги иқтисодий муаммоларнинг ечимини кутмоқда.
Аввалроқ Трамп ҳарбий амалиёт тўрт-беш ҳафта давом этишини айтган эди. Аммо Politico нашри танишиб чиққан Пентагоннинг ички ҳужжатига кўра, операция камида 100 кун, яъни сентябрь ойигача давом этиши мумкин.
Айни пайтда Пентагон разведка маълумотларини йиғиш билан банд бўлган америкалик ҳарбийлар сонини шошилинч равишда оширишни бошлаган. Давлат департаменти Яқин Шарқдан АҚШ фуқароларини эвакуация қилиш учун қўшимча ресурслар ажратмоқда.
Нашрнинг ёзишича, бу ҳолатлар АҚШ маъмурияти ўзи тўқнаш келган кенг кўламли урушга тўлиқ тайёр бўлмаганидан далолат беради.








