Шавкат Мирзиёев ва Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида 4 март куни телефон суҳбати бўлиб ўтди.
Мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилди.
Ўзбекистон президенти Уммон ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканини таъкидлади.
Давлат раҳбари султонликнинг минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида амалга ошириб келаётган фаол воситачилик роли ва изчил саъй-ҳаракатларини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, Уммонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун султонга чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўз навбатида Уммон султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юқори савияда ўтишига ишонч билдирди.








