Халқаро футбол федерациялари ассоциацияси (FIFA) расмий сайтида 2026 йилнинг 11 июнидан 19 июлига қадар АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатининг расмий постерини эълон қилди.

Қайд этилишича, Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор мусобақа постерини яратиш учун бир вақтнинг ўзида учта рассом — Карсон Тинг (Канада), Минерва GM (Мексика) ва Хенкий Уиллис Томас (АҚШ) иш олиб борган:
“Турнирнинг расмий постери ҳамкорлик руҳи, ҳаяжон ва ушбу ноёб лаҳзанинг бирлигини тараннум этади”.
Маълумот учун, 2026 йилги мундиал 11 июнь куни бошланади ва 19 июлга қадар давом этади.
“Турнир бошланишига 100 кун қолган бир вақтда, 42 та жамоа, жумладан, тўртта дебютант — Кабо-Верде, Кюрасао, Иордания ва Ўзбекистон мусобақага йўлланмани қўлга киритди. Ҳали яна 6 та ўрин вакант бўлиб турибди. 23-31 март кунларига белгиланган эркаклар ўртасидаги Халқаро ўйинлар тақвими доирасида бўлиб ўтадиган FIFA Жаҳон чемпионати қитъалараро плей-офф ва Европа плей-офф босқичлари Шимолий Америкага йўл оладиган сўнгги олтита жамоани аниқлаб беради”, дейилади FIFA хабарида.
Жаҳон чемпионатлари тарихида илк бор Ўзбекистон терма жамоаси ҳам иштирок этади. “Оқ бўрилар” мусобақанинг “К” гуруҳида Португалия, Колумбия ҳамда қитъалараро плей-офф ғолибига қарши майдонга тушади. Фабио Каннаваро бошқарувидаги жамоа мундиалдаги илк ўйинини 17 июнь куни Мехико шаҳрида Колумбияга қарши ўтказади.








