2026 йил 19 июль куни футбол бўйича Жаҳон чемпионати финалида Аргентина ва Испания терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Канада, Мексика ва АҚШ мезбонлигида ўтаётган ушбу мундиал FIFA тарихидаги энг даромадли турнир бўлиши кутилмоқда. Халқаро футбол федерациясининг (FIFA) умумий тушуми 13 миллиард АҚШ долларига етиши прогноз қилинмоқда.
FIFA ҳомийлик тизими қандай ишлайди?
FIFA ҳомийлик модели йирик мусобақаларни ташкил этиш ва футболни бутун дунёда ривожлантириш учун хусусий инвестицияларни жалб этишга қаратилган.
Бунинг эвазига ҳомий компаниялар:
• эксклюзив маркетинг ҳуқуқларига эга бўлади;
• ўз брендини дунёдаги энг оммабоп спорт тури билан боғлайди;
• миллиардлаб футбол мухлисларига бевосита чиқиш имкониятини қўлга киритади.
FIFA’нинг ҳомийлик тоифалари
FIFA ҳамкорлари
Бу компаниялар FIFA билан узоқ муддатли шартномалар имзолайди ва федерация тасарруфидаги барча мусобақаларни, жумладан, аёллар ва ёшлар турнирларини ҳам қамраб олади.
Улар:
- расмий тўплар ва ҳакамлар жиҳозларини тақдим этади;
- авиаташувларни амалга оширади;
- тўлов технологиялари ва бошқа хизматларни йўлга қўяди.
Доимий ҳамкорлар қаторига Adidas, Cоcа Cola, Visa, Hyundai/Kia, Qatar Airways, Aramco ва Lenovo киради.
Жаҳон чемпионати ҳомийлари
Уларнинг ҳуқуқлари фақат муайян Жаҳон чемпионатига тааллуқли бўлади.
2026 йилги мундиал ҳомийлари:
- McDonald’s
- Budweiser
- Bank of America
- American Airlines
- Lay’s
- Doritos
- Unilever
- Verizon
Минтақавий ҳомийлар
Булар мусобақа ўтказилаётган ҳудудлардаги компаниялар бўлиб, маҳаллий бозорларда реклама қилиш ҳуқуқига эга.
2026 йилги минтақавий ҳомийлар:
- Airbnb
- The Home Depot
- Volvoline
- Rock-It Cargo
FIFA тарихидаги энг йирик ҳомийлик битимлари
2016 йилда FIFA Хитойнинг Wanda Group компанияси билан тарихидаги энг йирик ҳомийлик шартномасини имзолади.
- Шартнома 2030 йилгача мўлжалланган эди.
- Унинг қиймати тахминан 850 миллион долларни ташкил қилган.
- Ушбу битим FIFAга собиқ президент Йозеф Блаттер билан боғлиқ коррупция можаросидан кейинги молиявий муаммоларни бартараф этишга ёрдам берган.
Бироқ 2024 йилда Wанда билан ҳамкорлик муддатидан олдин якунланди. Бунга компаниянинг шартнома бўйича тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани сабаб бўлгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
2017 йилдан буён Qatar Airways FIFA’нинг расмий ҳамкори ҳисобланади. Авиакомпания билан тузилган икки ҳомийлик шартномасининг умумий қиймати 487 миллион долларга баҳоланади.
FIFA’нинг энг узоқ йиллик ҳамкорларидан бири Adidas бўлиб, компания 1970 йилдан буён федерацияни спорт анжомлари билан таъминлаб келади.
Cоcа Cola эса FIFA билан 1974 йилдан бери ҳамкорлик қилади.
Ҳар икки компания FIFA бюджетига ҳар йили 70–100 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтиради. Уларнинг амалдаги шартномалари ҳам 2030-йилгача амал қилади.
FIFA даромадлари қандай ўсиб бормоқда?
FIFA молиявий ҳисоботлари тўрт йиллик цикллар бўйича юритилади.
- ЖЧ-2014 — 4,8 миллиард доллар даромад (2011–2014 йил — 5,7 млрд).
- ЖЧ-2018 — 5,3 миллиард доллар (2015–2018 йил — 6,4 млрд, шундан 1,7 млрд ҳомийлардан).
- ЖЧ-2022 — 6,3 миллиард доллар (2019–2022 йил — 7,6 млрд, шундан 1,8 млрд ҳомийлардан).
Таққослаш учун, Халқаро Олимпия қўмитасининг (ХОҚ) 2021–2024 йиллардаги умумий даромади 7,7 миллиард долларни ташкил этди.
2026 йилги Жаҳон чемпионати тарихий рекорд ўрнатмоқда
АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигидаги 2026 йилги мундиал FIFA тарихидаги энг даромадли турнирга айланиши кутилмоқда.
Прогнозларга кўра:
- ҳомийлик, маркетинг ва лицензиялаш — 2 миллиард доллардан ортиқ;
- теле ва интернет трансляция ҳуқуқлари — 3,9 миллиард доллар;
- чипталар савдоси — 3 миллиард доллар.
Шу тариқа, турнирнинг умумий даромади камида 8,9 миллиард долларни ташкил этиши кутилмоқда.
2023–2026 йиллардаги FIFA молиявий цикли бўйича даромадлар қуйидагича тақсимланади:
- 2023 йил — 1,3 млрд доллар;
- 2024 йил — 0,5 млрд доллар;
- 2025 йил — 2,5 млрд доллар;
- 2026 йил — 8,9 млрд доллар.
Натижада, ушбу тўрт йиллик давр якунида FIFA’нинг умумий тушуми 13 миллиард АҚШ долларига етиши кутилмоқда.
Федерация ушбу маблағнинг 97,5 фоизини мукофот пуллари, футболни ривожлантириш дастурлари, ижтимоий лойиҳалар, захира жамғармаси ва бошқа йўналишларга сарфлашни режалаштирган.








