Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро Италиянинг Tuttosport нашрига берган интервьюсида мураббийлик фаолияти ва терма жамоа футболчилари ҳақида фикр билдирди.
Италиялик мутахассис ўзбекистонлик футболчилар ҳақида гапирар экан, уларни қатъиятли ва меҳнаткаш деб атади:
“Улар мени биринчи марта кўрганида ҳайратда қолди. Мен уларни тушундим ва орадаги масофани йўқотишга ҳаракат қилдим. Ўзбекистон саралаш босқичидан қандай ўтганини биламан. Бу жамоанинг иштиёқи жуда баланд ва қатъиятли.
Менда кўп вақт йўқ эди, муаммоларга тезда ечим топишим керак эди. Ўзбекистон иштирокидаги жуда кўп ўйинларни томоша қилдим, мамлакат бўйлаб сайр қилдим. Яқинда Ўзбекистон чемпионати тугади, энди мен ўзбекистонлик футболчилар қатнашаётган бошқа чемпионатларни кузатаман. Ҳар ҳафта улар билан гаплашиб тураман, хусусан, терма жамоа сардори Элдор Шомуродов билан телефон орқали суҳбатлашаман, чунки у италянча гаплаша олади.
Ўзбекистон Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва, эҳтимол, Конго ДР билан тўқнашади. Бу осон йўл эмас, шундайми? Йўқ, мен бундай демаган бўлардим. Биз Жаҳон чемпионатига тўлиқ тайёр ҳолда борамиз. Биринчи ўйинда Колумбияга қарши ўйнаймиз. Дўстим Асприлла аллақачон менга қўнғироқ қилиб, бир нечта маслаҳатлар берди”, дейди Фабио Каннаваро Tuttosport нашрига берган интервьюсида.
Маълумот учун, 5 декабрь, жума куни Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Унга кўра, Ўзбекистон “К” гуруҳидан жой олди. Фабио Каннаваро бошчилигидаги жамоага Португалия, Колумбия ҳамда қитъалараро плей-офф ғолиби (Конго – Ямайка/Янги Каледония) рақиблик қилади.
Ўзбекисто илк турда Колумбияга қарши майдонга тушади. Бу учрашувга Мексика пойтахтидаги “Ацтека” стадиони мезбонлик қилади. “Оқ бўрилар” иккинчи турда Криштиану Роналду бошчилигидаги Португалия билан ўйнайди. Мазкур беллашув АҚШдаги “NRG” стадионида ўтади. Фабио Каннаваро жамоаси охирги турдаги учрашувни Атлантадаги “Мерседес Бенз” стадионда ўтказади.








