Эрон Ислом Республикасининг ҳалок бўлган олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли — Мужтабо Хоманаий мамлакатнинг янги раҳбари этиб сайланди. Бу ҳақда Германиянинг Deutsche Welle (DW) нашри Эрон ҳукумати таркибидаги ўз манбаларига таяниб хабар берди.
DW манбаларига кўра, Мужтабо Хоманаийни сайлаш тўғрисидаги қарор 88 нафар нуфузли шиа уламоларидан иборат кенгаш томонидан қабул қилинган. Таъкидланишича, ушбу тайинлов Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК)нинг бевосита босими остида амалга оширилган.
Ҳозирча Эрон расмийлари ва давлат ОАВ ушбу маълумотни расман тасдиқлагани йўқ. Айни пайтда, Али Хоманаий вафотидан сўнг мамлакатни вақтинча уч кишилик кенгаш бошқармоқда. Унга қуйидагилар киради: президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний-Эжей ва васийлик кенгаши аъзоси Оятуллоҳ Алиризо Араафий.
Оятуллоҳ Али Хоманаий Эронни 1989-йилдан бери бошқариб келаётган эди. У жорий йилнинг 28 февраль куни бошланган АҚШ ва Исроилнинг Ислом Республикасига қарши ҳарбий операцияси давомида ҳалок бўлди.
Эрон қонунчилигига кўра, мамлакатнинг диний раҳбари умрбод муддатга “Экспертлар кенгаши” томонидан тайинланади. Ислом ҳуқуқи бўйича 88 нафар мутахассисдан иборат ушбу орган ҳар саккиз йилда бир марта фуқаролар томонидан сайланади. Охирги сайловлар 2024-йилда бўлиб ўтган эди.
Аввалроқ Хоманаийнинг ўрнини кимлар эгаллаши мумкинлиги ҳақида турли фаразлар илгари сурилганди. Юқори мартабали эронлик амалдорлар билан ўтказилган суҳбатларга кўра, Хоманаий афзал кўрган номзодлар сифатида қуйидагилар келтирилган:
- суд ҳокимияти раҳбари Ғулом-Ҳусайн Муҳсини-Эжей;
- Хоманаийнинг девони раҳбари Али Асғар Ҳижозий;
- Ислоҳотчи қанот вакили, Оятуллоҳ Хоманаийнинг набираси Ҳасан Ҳумайний.
Хоманаийнинг ўғли Мужтабо ҳам айрим гуруҳлар томонидан эҳтимолий ворис сифатида тилга олинган. Бироқ Хоманаий олий раҳнамо лавозими мерос тариқасида ўтишини истамаслигини билдирган эди.
Исроил ва АҚШ 28 февраль тонгида Эрон ҳудудига зарбалар беришни бошлади. АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу операциядан мақсад Ислом Республикасининг ядровий дастурини йўқ қилиш эканини эълон қилди. Шунингдек, у Эрон армиясини қуролларни ташлашга, мамлакат фуқароларини эса “ўз тақдирларини ўз қўлларига олишга” чақирди.
Эрон давлат ОАВнинг 3 мартдаги ҳисоботига кўра, ҳужумлар оқибатида камида 787 киши ҳалок бўлган. Бунга жавобан Теҳрон Исроил ва Форс кўрфазидаги бир қатор давлатларга зарбалар бермоқда. Теҳрон араб давлатлари билан урушмаётганини, унинг нишони фақат минтақадаги АҚШ ҳарбий базалари эканини таъкидламоқда.








