Эроннинг янги олий раҳнамоси Можтаба Хоманаий Исроил ва АҚШнинг мамлакатга қарши қўшма ҳаво ҳужумлари давомида енгил жароҳат олган. Бу ҳақда яҳудий юқори мартабали мулозимининг сўзларига таяниб, Reuters хабар берди.
Таъкидланишича, айнан шу сабабли раҳнамо жамоатчиликка кўриниш бермаяпти.
“Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Можтаба Хоманаийни отасининг янада “юмшоқроқ” ва корпуснинг қатъий сиёсатини қўллаб-қувватловчи варианти сифатида кўриб, уни олий раҳбарликка сайлашга эришган”, дейилади хабарда.
Эронлик учта юқори мартабали манба, жумладан, собиқ ислоҳотчи мулозимнинг фикрича, Хоманаийнинг сайланиши мамлакат ташқи сиёсатининг янада агрессивлашишига ва ички репрессияларнинг кучайишига олиб келиши мумкин.
Исроил Мудофаа вазири Исраэл Кац ўтган ҳафтада берган баёнотида Эроннинг навбатдаги ҳар қандай етакчисини ўлим кутиши билан таҳдид қилган эди.
Можтаба Хоманаийнинг саломатлиги борасидаги миш-мишлар ортидан Эрон президенти Масуд Пезешкиённинг ўғли Юсуф Пезешкиён баёнот берди. ISNA агентлиги хабарига кўра, у янги раҳбарнинг аҳволи яхши эканини айтган.
“Можтабанинг яралангани ҳақидаги хабарларни эшитиб, у билан алоқада бўлган одамлардан суриштирдим. Улар, шукрки, у соғ-омон ва ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини айтди”, деди кичик Пезешкиён.
Марҳум Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўғли Можтаба Хоманаий 8 март куни Эроннинг янги маънавий раҳнамоси ва олий ҳокимият эгаси деб расман эълон қилинган эди. Бироқ шундан бери у на омма олдида кўринди, на унинг номидан бирор расмий баёнот берилди.








