Шавкат Мирзиёев Форс кўрфази мамлакатларида бўлиб турган юртдошларни Ўзбекистонга қайтаришни самарали ташкил этиш юзасидан бош вазир Абдулла Ариповга топшириқ берди.
2 март куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида мазкур топшириқ ижросини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Йиғилишда фуқароларни хавфсиз ва тизимли равишда ватанга олиб келиш бўйича зарур чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Хусусан, мамлакатдаги барча авиакомпанияларга Форс кўрфази давлатларида бўлиб турган юртдошларни қайтариш чораларини кўриш топширилди. Айниқса, Жидда—Тошкент йўналишида репатриация рейсларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратиш вазифаси юклатилди.
Ҳукумат мажлисида тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларига Форс кўрфази давлатлари билан амалдаги келишувларнинг ижро ҳолатини таҳлил қилиш, шунингдек, экспорт-импорт операциялари учун муқобил йўналишларни кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди. Қайд этилишича, вазиятдан келиб чиқиб, барча зарур чоралар тезкорлик билан амалга оширилади.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг Кувайтдаги элчихонаси ушбу давлат ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилиб, хавфсизлик талабларига қатъий риоя қилишга чақирганди.
Қайд этилишича, Яқин Шарқ минтақасида кузатилаётган хавфсизлик вазиятининг мураккаблашуви ҳамда айрим давлатлар томонидан профилактик ва эҳтиёт чоралари кучайтирилиши муносабати билан Кувайтда ҳам тегишли хавфсизлик чоралари амалга оширилмоқда. Ҳозирги вақтда вазият Кувайтнинг ваколатли органлари томонидан доимий равишда назорат қилинмоқда.








