Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 февраль куни қароргоҳига қилинган ҳужумда ҳалок бўлди. Эрон ҳукумати ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Хоманаийнинг ўлими учун қасос олинишини таъкидлади. Бу ҳақда Меhr агентлиги хабар берди.
Эрон ҳукумати таъзиясида Хоманаий замонавий фанларни пухта биладиган, доно ва кенг диний билимларга эга, жасоратли шахс сифатида таърифланди.
Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ҳам Хоманаийнинг ўлими жавобсиз қолмаслигидан огоҳлантирди.Ушбу оғир жиноят ҳеч қачон жавобсиз қолмайди ва ислом олами ҳамда шиалик тарихида янги саҳифа очади. Бу олий мартабали раиснинг пок қони булоқдек қайнаб, Америка-сионистик зулм ва жиноятларини таг-томири билан қўпориб ташлайди. Бу сафар ҳам тўлиқ куч ва қатъият билан биз бу жиноятнинг айбдорлари ва ташкилотчиларини қилган ишларидан пушаймон қилдирамиз, дейилади баёнотда.
Инсоният ва инсонийликнинг энг ёвуз террорчилари ҳамда жаллодлари қўлида шаҳид бўлиш ушбу буюк раҳбарнинг ҳаққонийлигини ва унинг самимий хизматларининг эътирофидир. АҚШнинг ёвуз ниятли ҳукумати ва сионистик режимнинг жиноий ва террористик ҳаракатлари диний, ахлоқий, ҳуқуқий ва умумқабул қилинган меъёрларнинг очиқдан-очиқ бузилишидир. Шу боис Эрон халқининг қасос қўли миллат имомининг қотилларини оғир, қатъий ва пушаймон қилувчи жазога тортмагунча тинч қўймайди, дейилади қўриқчилар корпусининг билдирган таъзиясида.
Баёнот сўнггида Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси миллий бирдамликка чақирди. Хоманаийнинг ўлими муносабати билан мамлакатда 40 кунлик мотам ва бир ҳафталик таътил эълон қилинди.
Воқеага алоқадор сўнгги янгиликлар ва видеоларни @daryo_live каналида ҳам кузатиб боринг.








