Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси экиш мавсуми бошланиши арафасида ёқилғи маҳсулотлари бозоридаги вазиятни доимий мониторинг қилмоқда. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, назорат дизель ёқилғиси ва бензин нархларига қаратилган. Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ҳамда фермер хўжаликларининг эҳтиёжларини қондириш учун етарли ҳажмдаги бензин ва дизель ёқилғиси биржа савдолари орқали реализация қилинмоқда.
Қўмита ишлаб чиқарувчи корхоналар ва манфаатдор идораларга экин экишга тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни ўтказиш даврида фермерларнинг эҳтиёжларини ўз вақтида таъминлаш юзасидан тезкор чоралар кўришни тавсия этди.
Шунингдек, нефть маҳсулотлари билан боғлиқ таъминот масалалари ёки муаммолар юзага келган тақдирда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермер хўжаликларига қўмитанинг ҳудудий органларига мурожаат қилиш тавсия этилди.
Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари биржа савдолари жараёнида шаклланаётган ёқилғи нархларини доимий равишда кузатиб бориши маълум қилинди.








