Daryo

Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда сумалак сайлида иштирок этди

Президент Жарқўрғон туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида уй-жойлар, мактаб, боғча ва инфратузилма объектлари билан танишди. Инклюзив таълим, сунъий интеллект ва IT йўналишларини ривожлантиришга эътибор қаратилди.

3 дақиқа ўқиш5 120 кўришлар0 изоҳ3

Шавкат Мирзиёев Жарқўрғон туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Массивнинг 50 гектарида 116 та кўп қаватли уй қурилиши режалаштирилган. Ҳозиргача поликлиника, 180 ўринли боғча, 330 ўринли мактаб ва маҳалла биноси фойдаланишга топширилиб, 68 та уйдаги 1,5 мингта хонадонга аҳоли кўчиб кирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, ахборот технологиялари ва инглиз тили ўқув маркази иш бошлаган, 7 та микромарказ ҳамда 5 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти қурилган. Ичимлик суви, иссиқлик тармоқлари, 3 километрга яқин газ қувури тортилиб, 250 киловаттли трансформатор ўрнатилган. 4,5 гектар ерга манзарали ва мевали дарахтлар, дашт ҳудудидаги 300 гектар майдонга эса саксовул ўсимликлари экилган.

Келгусида бу ерда яна 50 га яқин уй қурилиши кўзда тутилган. Хусусан, жорий йилда яна 14 та (280 хонадонли) кўп қаватли уй-жой, янги йўллар, кўкаламзорлаштириш ишлари ҳамда истироҳат боғи қурилиши режалаштирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ташриф чоғида президент массив ҳудудида фаолият юритаётган “Янги ёшлар” бошқарув сервис компанияси иши билан танишди. Компания тумандаги 161 та кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, шундан 54 таси мазкур массивда жойлашган. Ҳудуддаги кўп қаватли уйлар томига 5-15 киловаттли қуёш панеллари ўрнатилган.

Инклюзив таълим ҳар бир боланинг, жисмоний ёки ақлий ҳолатидан қатъи назар, мактабга бориши ва сифатли таълим олишини таъминлашни назарда тутади. Давлат раҳбари массивдаги 66-мактабда яратилган шарт-шароитлар, хусусан, ногиронлиги бўлган болалар учун ташкил этилган имкониятлар билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мактабда бугун 500 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Ногиронлиги бор болаларни замонавий стандартлар асосида ўқитиш учун алоҳида ёндашувлар жорий этилган, 50 га яқин махсус мутахассис ва педагоглар фаолият юритмоқда. Мактаб ҳовлиси, йўлаклар, ўқув хоналари, овқатланиш хонаси, спорт зали ҳамда муолажа хонаси зарур шароитлар билан таъминланган.

Давлат раҳбари мактабда яратилган шароитлар билан танишар экан, сунъий интеллект, рақамлаштириш билан боғлиқ йўналишларнинг бугунги ёшлар ҳаёти, келажаги учун нақадар муҳимлигига эътибор қаратди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Сунъий интеллектга ўқитиш дастурларини бежиз мактаблар таълимига жорий этмаяпмиз, ўқувчилар олий таълим муассасаларига, меҳнат бозорига келажак касбларига тайёр бўлиб боришларини истаймиз”, деди президент.

Шундан сўнг давлат раҳбари массивдаги хорижий тиллар ва ахборот технологиялари ўқув марказини кўздан кечирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

6,5 миллиард сўм ҳисобига барпо этилган 400 ўринли мажмуа йилига 2 мингдан ортиқ ёшга таълим олиш ва лойиҳалар устида ишлаш имкониятини беради. Бу ерда 200 нафарга яқин ўқувчи компьютер саводхонлиги ва front-end йўналишларини муваффақиятли якунлаб, сертификат олган. 150 нафарга яқин ўқувчи IELTS имтиҳонларида B2 ва ундан юқори натижаларни қайд этган. Марказда 20 га яқин мутахассислар фаолият юритмоқда.

Давлат раҳбари ёшларни илмга йўналтириш, жумладан, хорижий тилларни ўргатишга қаратилган бундай мажмуалар аҳамиятига алоҳида тўхталди.

“Бугун бундай марказларнинг келажак интилишларини қўллаб-қувватлашимиз, керак бўлса, уларни саъй-ҳаракатларини бирлаштириб, хорижий ҳамкорлар билан боғлашимиз лозим. Шунда ота-оналар фарзандларини ишонч билан мана шундай марказларда ўқитади”, деди президент.

​
Фото: Президент матбуот хизмати

Кўклам яқинлашиши билан ҳудудларда баҳорий байрам сайилларини уюштириш анъанага айланган. Президент массивдаги сумалак сайлида иштирок этиб, аҳоли билан бирга шодиёна кайфиятда бўлди, бу ерда истиқомат қилаётган инсонларнинг самимий фикрларига қулоқ тутди.

“Бугун жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонга ҳурмат билан қарамоқда, халқимиз учун яратилаётган шароитларни кўриб, ислоҳотларнинг самарасига гувоҳ бўлмоқда. ‘Янги Ўзбекистон’ массивлари ҳам одамларимиз фаровон ҳаёт кечириши, шинам уйларда яшаши учун барпо этиляпти. Мен доим ‘таълим-таълим’ деб бежиз айтмаяпман. Билимимиз, мана шундай бунёдкорона меҳнатимиз билан юртимизнинг обрў-эътиборини янада юксалтириб, дунёда муносиб ўрин эгаллаймиз. Сурхондарёнинг эли меҳнаткаш, танти, бу ерда ҳали кўп янгиликларни амалга оширамиз”, деди президент.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар