Фарғонада трансформаторлар жойлаштирилган ертўлага тушиб кетиб, ток урган боғча боласи иши бўйича жиноят иши очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар қилди.
Ҳодиса тафсилотлари
Жорий йилнинг 18 февраль куни Фарғона шаҳрида жойлашган боғча тарбияланувчиси 6 ёшли Р.А. муассаса ҳудудидаги трансформаторлар ўрнатилган махсус ертўлага йиқилиб тушган.
У ток уруши оқибатида тан жароҳати олган ҳамда шифохонага олиб келинган. Бола олган тан жароҳати юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Пакетли “ҳимоя тўсиғи”
“Kun.uz” нашрида эълон қилинган хабарда боғча топширилганига 2 йил бўлганига қарамай, трансформаторлар ертўласи эшик ўрнига оддий целлофан пакет билан тўсиб қўйилгани, бахтсиз ҳодисадан кейингина хавфли ҳудуд атрофи махсус панжаралар билан ўралгани билдирилган.
Мана шу панжараларни фалокат юз берганидан кейин қўйишди. Мутасаддилар ТПни қурган ташкилот нега хавфли жойни аввалроқ ўраб қўймаган? Ким жавоб беради?, деган боланинг бувиси.
Нега панжаралар ўрнатилмаган?
Боғча ҳудудига трансформатор пунктини қурган корхона раҳбари билан телефон орқали мулоқот қилинганида, қурувчи пункт атрофини ўраш лойиҳага киритилмаганини маълум қилган.
ТП атрофини ўраш сметада йўқ эди. Лекин устини ёпишимиз керак эди... У ерда битталик ТП бўлган, яқинда иккиталик қилиб ўзгартиргандик. Ишчиларим озгина бефарқлик қилишибди-да, деган ташкилот раҳбари.
Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси, яъни касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.








