Франциянинг “ПСЖ” клуби “Манчестер Сити” ҳужумчиси Эрлинг Ҳоландни сотиб олиш бўйича стратегик ҳаракатларни бошлади. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар бермоқда.
Парижликлар раҳбарияти норвегиялик футболчининг трансфери бўйича дастлабки сўровларни юборган. Маълум қилинишича, ушбу йирик харид клубнинг бошқа аъзолари, хусусан, Усмон Дембеленинг жамоадаги келажагига ҳеч қандай таъсир қилмайди. “ПСЖ” раҳбарияти Ҳоландни жамоанинг етакчиси ҳамда Чемпионлар Лигасидаги асосий футболчиси сифатида кўрмоқда.
Пеп Гвардиоланинг мавсум якунида “Манчестер Сити”ни тарк этиши мумкинлиги ушбу трансферни амалга ошишига сабаб бўлиши мумкин. Манбага кўра, агар мутахассис Англиядан кетса, Ҳоланд ҳам янги чақириқларни қабул қилишга тайёр. Ҳозирда футболчининг “шаҳарликлар” билан амалдаги шартномаси 2034-йилгача мўлжалланган бўлса-да, “ПСЖ” уни ўз сафига қўшиб олиш ниятидан қайтмаган.
Иқтисодий жиҳатдан парижликлар учун ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмас. Хабарда айтилишича, “ПСЖ” яқин вақт ичида Ҳоланд учун рекорд даражадаги — 200 миллион евролик таклиф билан чиқишга тайёр. Агар ушбу трансфер амалга ошса, норвегиялик юлдуз футбол тарихидаги энг қиммат харидлардан бирига айланади. Айни дамда “Манчестер Сити” вазиятни кузатаётган бўлса, “ПСЖ” раҳбарияти футболчининг вакиллари билан музокараларни давом эттирмоқда.








