Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги директори ўринбосари Муҳиддин Иброҳимов Ўзбекистоннинг илк илмий сунъий йўлдоши Японияда йиғилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали эфирида хабар берилди.
Президентга намойиш этилган тақдимотда қайд этилишича, лойиҳа доирасида етти нафар ўзбекистонлик талаба Япониянинг Кютеч институтида амалий ишларда иштирок этмоқда. Айнан шу ерда мамлакатнинг биринчи илмий сунъий йўлдоши устида йиғиш ва синов жараёнлари олиб борилмоқда.
Сунъий йўлдош ерни масофадан зондлаш ва илмий тадқиқотларни амалга оширишга мўлжалланган. Мутахассислар қурилманинг конструкцияси, фойдали юкламаси, қуёш панеллари ва орбитадаги ишлаш механизмлари бўйича техник ечимлар ишлаб чиқаётгани қўшимча қилинган.
Масъулларга лойиҳа бўйича ҳисоб-китобларни аниқлаштириш, бошқарув ва маълумотларни қайта ишлаш инфратузилмасини шакллантириш юзасидан топшириқлар берилган. Шунингдек, миллий космик дастур доирасида илмий кадрлар тайёрлашни кенгайтириш вазифаси қўйилган.
Шунингдек, 2028 йилда Самарқанд шаҳрида космос бўйича халқаро конгресс ўтказиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган. Унда АҚШ, Европа, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа давлатларнинг етакчи космик ташкилотлари иштирок этишга қизиқиш билдирган.








