Адлия вазирлиги “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳасини эълон қилди. Ҳужжат билан давлат байроғидан фойдаланиш ва уни намойиш этиш тартибини янада аниқ белгилаш назарда тутилган.
Лойиҳага кўра, байроқни дастасиз вертикал ҳолатда девор ёки бошқа конструкцияга осиш тартиби алоҳида модда билан мустаҳкамланади. Унда ой ва 12 та юлдуз тасвири юқори ўнг бурчакда жойлашиши, байроқнинг пастки қисми ер сатҳидан камида 30 сантиметр баланд бўлиши шартлиги белгиланяпти. Байроқни тескари, нотекис ёки эстетик кўринишини бузувчи ҳолатда намойиш этиш, унинг устига буюм қўйиш ҳамда ҳурматсизликни ифодаловчи ҳар қандай хатти-ҳаракатлар қатъиян тақиқланади.
Шунингдек, мажлислар залларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ва дипломатик ваколатхоналарда байроқни жойлаштириш талаблари аниқлаштирилмоқда. Бошқа байроқлар билан бирга намойиш этилганда Ўзбекистон давлат байроғи устувор равишда марказда ёки ўнг томонда жойлаштирилиши керак бўлади. Оммавий тадбирларда саф тортиш тартибида байроқ олд ўнг қанотда ёки марказда туриши, уни бошқа байроқлардан кейин олиб юриш тақиқланиши кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа билан кўчалар, майдонлар ва жамоат жойларида вертикал осиш қоидалари ҳам белгиланмоқда. Бундан ташқари, давлат байроғини тобут устига ёпиш тартиби алоҳида модда билан мустаҳкамланиб, кимларга рухсат берилиши ва маросимдаги жойлашув қоидалари кўрсатиб ўтилмоқда. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши режалаштирилган.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, ҳукумат қарорларини янги нормаларга мувофиқлаштириш ҳамда амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш вазифаси белгиланган. Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотларга ҳужжат мазмунини аҳолига тушунтириш ҳамда ижросини таъминлаш топширилиши назарда тутилмоқда.








