Daryo

ҲАМАС Тинчлик кенгашидан Ғазода қон тўкилишини тўхтатишни талаб қилди

Фаластин гуруҳи Ғазода қайта қуриш ишларини бошлашга чақирди. Шунингдек, Исроилнинг кенгашдан “ниқоб” сифатида фойдаланиши оқибатидан огоҳлантирди.

2 дақиқа ўқиш3 916 кўришлар0 изоҳ2

ҲАМАС Ғазо бўйича тузилган Тинчлик кенгашидан Исроилнинг ўт очишини тўхтатишни таъминлашга чақирди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берди.

Тинчлик кенгашининг илк йиғилиши 19 февраль куни Вашингтонда бўлиб ўтади. Айни пайтда урушдан жабр кўрган Ғазодаги фаластинликлар тинчлик келишувининг иккинчи босқичи тўлиқ кучга киришини кутмоқда.

“Ғазога қарши геноцид ҳали ҳам давом этмоқда, ўлдириш, кўчириш, қамал ва очлик ҳали ҳам тўхтамаган”, деди ҲАМАС вакили Ҳазим Қосим.

ҲАМАС-Исроил сулҳ битими 2025 йил 10 октябрда бошланганидан бери Ғазода 600 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, камида 1600 киши жароҳатланди.

Қосим ўз мурожаатида Тинчлик кенгашини Ғазони бошқариш учун танланган технократлар қўмитасининг ҳудудга киришини таъминлашга ва қайта қуриш ишларини бошлашга чақирди.

“Биз Ғазо қамалини бекор қилиш ва чегарада ўтиш пунктларини очишга чақирамиз, уларни қисман очиш билангина чекланмаслик керак. Исроил ушбу кенгашдан Ғазодаги урушни давом эттириш ва қайта тиклаш ишларига тўсқинлик қилиш учун ниқоб сифатида фойдаланишидан огоҳлантирамиз”, деди у.

​

Тинчлик кенгаши — Дональд Трамп бошчилигида ташкил этилган халқаро ташкилот. Швейцариянинг Давос шаҳрида 2026 йилнинг 22 январь куни ташкилот низоми қабул қилинди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам ушбу кенгаш низомини имзолади. Жами 19 та давлат етакчилари Давосдаги мазкур тадбирда қатнашди. Кенгашга доимий аъзо бўлишни истаган давлатлар 1 миллиард доллар ихтиёрий бадал тўлаши лозим.

АҚШ маъмурияти ушбу маблағлар “Ғазони тиклашга йўналтирилишини” ваъда қилмоқда. Тинчлик кенгаши низомига кўра, аъзо давлатлар етакчилари йилига бир марта АҚШ президенти раислигида йиғилади. Кенгаш раиси, яъни АҚШ президенти уни бошқаришда мутлақ ваколатларга эга бўлади. У ҳар қандай қарорга вето қўйиши, шунингдек, кенгашга ким аъзо бўлиши ёки аъзоликдан четлатилишини белгилаши мумкин.

Аъзо бўлинган вақтдан бошлаб давлатнинг кенгашдаги ваколат муддати уч йил этиб белгиланади. Агар 1 миллиард долларлик бадал тўланса, бу муддат узайтирилиши мумкин. Қозоғистон Тинчлик кенгашига бадалсиз аъзо бўлган.

19 февраль куни Тинчлик кенгаши етакчиларининг учрашувида аъзо давлатлар 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиши кутилмоқда. Бу маблағлар Ғазога гуманитар ёрдам ва тиклаш ишлаши учун сарфланади.



Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар