Daryo

Тинчлик кенгаши Ғазо учун 5 миллиард доллар ажратади

Трамп 19 февраль куни кенгашнинг илк учрашувида Ғазога ёрдам ажратиш, уни тиклаш ва секторга хавфсизлик кучларини юбориш муҳокама қилинишини очиқлади.

2 дақиқа ўқиш5 200 кўришлар0 изоҳ3

АҚШ президенти Дональд Трамп Тинчлик кенгашига аъзо давлатлар Ғазога инсонпарварлик ёрдами ва тиклаш ишлари учун миллиардлаб доллар ажратишини айтди. У бу ҳақда ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида маълум қилди.

“Тинчлик кенгаши чексиз имкониятларга эга. Ўтган йилнинг (2025 йил) октябрь ойида Ғазодаги можарони бутунлай тўхтатиш режасини тақдим этдим ва концепциямиз БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан бир овоздан қабул қилинди”, деди Трамп.

​У кўп ўтмай гуманитар ёрдам зудлик билан таъминланиб, ҲАМАС томонидан Ғазода сақланган барча гаровга олинганлар озод қилинганини айтди.

“Атиги бир ой олдин Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгашининг расмий ташкил этилишини нишонлаш ва Ғазода, кейин эса Ғазо ташқарисида тинч аҳолига ёрдам бериш бўйича дадил концепцияни тақдим этиш учун менга йигирмата таниқли таъсисчи аъзолар қўшилди”, деди АҚШ президенти.

​Трамп яқин кунларда Ғазо бўйича Тинчлик кенгаши аъзолари билан учрашув ўтказилишини айтди.

“19 февраль куни Вашингтондаги Дональд Ж. Трамп тинчлик институтида Тинчлик кенгаши аъзолари билан яна учрашаман, у ерда аъзо давлатлар Ғазога гуманитар ёрдам ва тикланиш учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратиши, шунингдек, Ғазо аҳолиси учун хавфсизлик ва тинчликни сақлаш мақсадида Халқаро барқарорлик кучлари ва маҳаллий полицияга минглаб ходимлар юборишини эълон қиламиз”, деди у.

​Трамп Тинчлик кенгаши “тарихдаги энг муҳим халқаро орган”га айланиши ва унинг раиси бўлиш “унинг учун шараф” ҳисобланишини қайд этди.

Тинчлик кенгаши — Дональд Трамп томонидан илгари сурилган халқаро ташкилотдир. Швейцариянинг Давос шаҳрида 2026-йилнинг 22 январь куни ташкилот низоми қабул қилинди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам ушбу кенгаш низомини имзолади. Жами 19 та давлат етакчилари Давосдаги мазкур тадбирда қатнашди. Кенгашга доимий аъзо бўлишни истаган давлатлар 1 миллиард доллар ихтиёрий бадал тўлаши лозим.

АҚШ маъмурияти ушбу маблағлар “Ғазони тиклашга йўналтирилишини” ваъда қилмоқда. Тинчлик кенгаши низомига кўра, аъзо давлатлар етакчилари йилига бир марта АҚШ президенти раислигида йиғилади. Кенгаш раиси, яъни АҚШ президенти уни бошқаришда мутлақ ваколатларга эга бўлади. У ҳар қандай қарорга вето қўйиши, шунингдек, кенгашга ким аъзо бўлиши ёки аъзоликдан четлатилишини белгилаши мумкин. Аъзо бўлинган вақтдан бошлаб давлатнинг кенгашдаги ваколат муддати уч йил этиб белгиланади. Агар 1 миллиард долларлик бадал тўланса, бу муддат узайтирилиши мумкин. Қозоғистон Тинчлик кенгашига бадалсиз аъзо бўлган.

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар