Польша Ташқи ишлар вазирлиги Россияда бўлиб турган фуқароларини мамлакатни тарк этишга чақирди. Бу ҳақда вазирликнинг расмий сайтида маълум қилинди.
Қарор Россиянинг Украинага қарши давом этаётган уруши ва Москва томонидан Польша “дўст бўлмаган давлат” деб эълон қилингани билан изоҳланган.
“Биз Россияда яшовчи Польша фуқароларига унинг ҳудудини тижорий ва шахсий транспорт воситалар билан тарк этишни тавсия қиламиз. Шахсий, оилавий ёки касбий шароитлар уларни мамлакатда қолишга мажбур қилган ҳолатлар бундан мустасно”, дейилади Польша ТИВ мурожаатида.
Шунингдек, вазирлик Польша фуқароларига зарур ҳолатлардан ташқари Россияга сафар қилмасликка чақирган.
“Хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескин ёмонлашганда, чегаралар ёпилганда ёки бошқа кутилмаган вазиятларда эвакуация қилиш қийинлашиши, ҳатто имконсиз бўлиши мумкин”, дейилади мурожаатда.
Польша Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, Россиядаги дипломатик ходимларнинг қисқариши туфайли консуллик ёрдами чекланиши ва узоқ ҳудудлардаги консуллик муассасаларига боришни талаб этиши мумкин.
Маълумот учун, Варшава ва Москва 2024 йил кузида консулликларни ўзаро ёпишни бошлади. Польшанинг Санкт-Петербург, Калининград ва Иркутскдаги ваколатхоналари фаолияти тўхтатилди. Россиянинг Познан, Краков ва Гданскдаги консулликлари ёпилди. Натижада иккала давлатда ҳам бош консулхоналар фаолияти тўхтатилди, фақат Москва ва Варшавада элчихоналар фаолият юритмоқда.








