Буюк Британия яқинда Россия дронларининг Польша ҳаво ҳудудига бузиб кириши ортидан бошланган НАТОнинг Eastern Sentry (“Шарқий қўриқчи”) операциясида иштирок этиш учун Typhoon қирувчиларини юборади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Вазирлик баёнотига кўра, британ қирувчилари Польша ҳаво ҳудудини ҳимоя қилади. Линколшир графлигидаги Конингсби авиабазасида жойлашган самолётлар “яқин кунларда” парвозларни бошлайди. Уларга Бриз-Нортон базасидан кўтариладиган Voyager ёнилғи қуювчи самолётлари ҳамроҳлик қилади.
Британиянинг “Тайфун” қирувчилари НАТОнинг шарқий қанотини мустаҳкамлаш бўйича операцияда аллақачон иштирок этаётган Дания, Франция ва Германия ҳаво кучларига қўшилади. Британия бош вазири Кир Стармер таъкидлашича, қирувчи самолётлари “тажовузни тўхтатиш, НАТО ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлаш ва миллий хавфсизликни ҳимоя қилишда муҳим рол ўйнайди”.
Польша ҳаво ҳудудини бузиш билан боғлиқ ҳодиса 10 сентябрга ўтар кечаси содир бўлди, ўшанда Украинага йирик зарба бериш чоғида камида 19 та рус дрони Польша чегарасини кесиб ўтди. Уларни қўлга олиш учун биринчи марта НАТО қирувчи самолётлари жалб қилинди, кейинроқ Польша ҳудудида 17 та дрон қолдиқлари топилди.
Ушбу воқеаларга жавобан 12 сентябрь куни альянс “Шарқий қўриқчи” операциясини бошлади, 14 сентябрь куни эса Польша президенти Карол Навроцкий НАТО қўшинларининг мамлакат ҳудудида қолишига расман рухсат берди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги альянс мамлакатлари ҳудудига янги босқинлар содир бўлган тақдирда “куч ишлатишга” тайёрлигини билдирди.








