Daryo

Польша Россия чегараси яқинида дронларга қарши мудофаа тизими қурмоқда

Эҳтимолий босқиннинг олдини олиш учун Беларусь ва Россиянинг Калининград ҳудуди билан чегараларда муҳандислик иншоотларини ҳам барпо этилмоқда.

2 дақиқа ўқиш4 482 кўришлар0 изоҳ0

Польша Россияга яқин шарқий чегаралари бўйлаб икки йил ичида дронларга қарши янги мудофаа тизимини ишга туширади. Бу ҳақда мамлакат Мудофаа вазирлиги вакили Сезари Томчик маълум қилди.

Қарор 2025 йил бошида Россияга тегишли дронлар Польша ҳаво ҳудудига оммавий равишда кириб келганидан сўнг қабул қилинган.

Биз тахминан олти ой ичида, балки ундан ҳам олдинроқ тизимнинг дастлабки имкониятларига эга бўлишни кутмоқдамиз. Тўлиқ тизимни якунлаш учун 24 ой керак бўлади, деди Томчик.

​Янги ҳаво мудофааси тизими 10 йил аввал қурилган эски ҳимоя линияси билан интеграция қилинади ва бир неча қатламдан иборат бўлади. У пулемётлар, артиллерия қуроллари, ракеталар ҳамда дронларни ишдан чиқарувчи радиоэлектрон воситаларни ўз ичига олади.
Баъзи тизимлар фақат фавқулодда ёки уруш шароитида қўлланади. Масалан, кўп стволли пулемётлардан тинчлик даврида фойдаланиш қийин, чунки осмонга отилган ҳар бир нарса охир-оқибат ерга тушади, деди Томчик.
​Шундан сўнг Варшава шарқий чегараларни мустаҳкамлаш бўйича режаларни тезлаштирди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллиард евродан ошади ва у асосан Европа Иттифоқининг SAFE (Security Action for Europe)  мудофаа кредит дастури ҳисобидан молиялаштирилади.

Украинадаги уруш қарийб тўрт йилдан бери давом этар экан, Польша ўзини тобора уруш шароитига мослаштирмоқда. Мамлакатда Россия разведкаси билан боғланаётган “қўпорувчилик ва ўт қўйиш ҳолатлари” кўпайган. Ҳукумат юз минглаб фуқароларни омон қолиш кўникмаларига ўқитиш, шунингдек, ихтиёрий ҳарбий тайёргарлик дастурларини кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Дронларга қарши девордан ташқари, Польша Беларусь ва Россиянинг Калининград ҳудуди билан чегараларда “Шарқий қалқон” номли муҳандислик иншоотларини ҳам барпо этмоқда. Уларнинг мақсади эҳтимолий босқиннинг олдини олишдир. Ҳар бир чегара ҳудудида тезкор тарзда ишга тушириладиган логистика марказлари қурилиши ҳам кўзда тутилган.

Бу марказларда чегарани тўсишга ёрдам берадиган ускуналар сақланади ва улар бир неча соат ичида хизматга тайёр бўлади. Таʻкидланишича, Польша мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулотнинг 4,7 фоизигача оширди. Бу Европа Иттифоқидаги энг юқори кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда Украина ялпи ички маҳсулотининг тахминан 40 фоизини урушга сарфламоқда ва биз ҳарбийларга қанча фоиз ажратишимиз кераклиги ҳақида ўйлаётган ҳар бир киши ўзидан сўраши керак: харажатларни, айтайлик, 2 фоиздан 3 ёки 3,5 фоизга ошириш яхшими ёки кейинчалик 2 фоиздан 40 фоизгача кўтаришми?, деган Томчик.

​У Россиянинг Польшага нисбатан ҳарбий режаларига оид саволга жавобан Шарқий Европадаги Россия экспансияси тарихига ишора қилиб, “ташқи урушлар Россия ички сиёсатида ҳокимиятни мустаҳкамлаш воситаси” сифатида ишлатилишини таъкидлади.​

Karimova Zulfiya Abduhakim qizi. 1999-yilda Toshkent shahrida tavallud topgan. Millati — o‘zbek. 2023-yilda O'zbekiston jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining xalqaro jurnalistika yo'nalishi bakalavr bosqichini tamomlagan.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар