“Манчестер Сити” раҳбарияти Пеп Гвардиола кетганидан сўнг жамоани бошқариши мумкин бўлган асосий номзодни аниқлаб олган. Бу ҳақда Fichajes нашри хабар берди.
Унга кўра, клуб мутасаддилари “Гвардиола даври” абадий эмаслигини англаган ҳолда унга ўринбосар сифатида италиялик мутахассис Энсо Мареска номзодини кўриб чиқмоқда. “Челси” собиқ устози Гвардиоланинг ишини давом эттира оладиган энг муносиб шахс сифатида кўрилмоқда.
Клуб раҳбарияти учун Маресканинг жамоа тизимини ичидан яхши билиши энг асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. У илгари “Манчестер Сити” тизимида фаолият юритган ва бевосита Гвардиоланинг мураббийлар штабида тажриба орттирган. Маресканинг тактик ёндашуви, тўп назоратига асосланган услуби, юқори прессинг ва ҳужумкор футбол фалсафаси Пеп Гвардиоланикига жуда яқин. Шу боис унинг тайинланиши жамоа учун ўтиш даврини кескин ўзгаришларсиз ўтказиш, шунингдек, бошқа Европа грандларида афсонавий мураббийлар кетганидан сўнг кузатилган тизимли инқирознинг олдини олишга қаратилган.
Маълумот учун, Пеп Гвардиоланинг “Манчестер Сити” билан шартномаси 2027-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Томонлар ҳозирча уни узайтириш бўйича бир қарорга келмаган. Энсо Мареска эса 2026-йилнинг январь ойида “Челси” бош мураббийлигидан истеъфога чиқарилган.








