UFC Шон-шараф зали аъзоси, шунингдек, UFC ўрта вазн (84 кг) тоифасида собиқ чемпион бўлган британиялик Майкл Биспинг 34 ёшли амалдаги UFC ярим ўрта вазн чемпиони россиялик Ислом Махачевнинг навбатдаги рақиби ирландиялик Иан Гарри бўлиши мумкинлигини айтиб ўтди.
“Иан Гарри ва Ислом Махачев ўртасида жанг бўладими? Бунинг эҳтимоли жуда юқори. Гарри ярим ўрта вазн тоифасида дунё рейтингининг биринчи рақамли жангчиси ҳисобланади. У йўлида учраган кўплаб кучли рақибларни мағлуб этди. Албатта, Гарри биринчи даъвогар мақоми учун Шавкат Раҳмонов билан жанг қилиб, беш раундга бардош берди ва сўнгги бўлимда ғалабага жуда яқин келди”, дейди Биспинг.
Шундан сўнг Гарри яна октагонга қайтди ва жанг қилишда давом этди. Сўнгги жангида Иан собиқ чемпион Белал Муҳаммадни мағлуб этди. Ундан олдин эса ярим ўрта вазндаги энг машҳур жангчилардан бири — Карлос Пратес устидан ғалаба қозонди.
“Унинг фаолияти давомида эришган ютуқларини инкор этиб бўлмайди — мутлақо мумкин эмас. Қанчалик хоҳламанг, буни рад эта олмайсиз. Иан дивизионнинг энг кучли жангчилари — Жефф Неал, Карлос Пратес ва Белал Муҳаммад билан тўқнаш келганида нима қилди? У бу жангларнинг барчасида ғалаба қозонди”, дея фикрини якунлаган собиқ чемпион.
Маълумот учун, Иан Гарри профессионал MMA’даги фаолияти давомида 18 та жанг ўтказиб, уларнинг 17 тасида ғалаба қозонган. Унинг ягона мағлубияти қозоғистонлик Шавкат Раҳмоновга қарши баҳсда қайд этилган.
Аввалроқ, енгил вазн тоифасида UFC чемпиони Илья Топуриянинг мураббийи Хави Климент яқин келажакда Махачевга қарши жанг ташкил этилиши мумкинлигини маълум қилган эди.








