АҚШ президенти Дональд Трамп Украина етакчиси Владимир Зеленский ҳаракатни бошламаса, тинчлик учун имкониятни қўлдан бой беришини билдирди. Бу ҳақда Deutsche Welle нашри хабар бермоқда.
Шунингдек, Трамп журналистлардан бирининг Мюнхен хавфсизлик конференциясида жаҳон етакчиларига қандай хабар етказишни исташи ҳақидаги саволига ҳам жавоб берган.“Россия келишув тузмоқчи ва Зеленский ҳаракатни бошлаши керак. Акс ҳолда у бу ажойиб имкониятни қўлдан бой беради. У ҳаракат қилиши керак”, деди Америка етакчиси Оқ уйда журналистлар билан суҳбат чоғида.
“Ягона хабар шундан иборатки, НАТО билан муносабатларимиз аъло даражада”, деди Трамп.
Аввалроқ Зеленский АҚШ томонидан урушни якунлаш бўйича босим бўлаётганини айтганди. Finansial Times эса Трамп маъмурияти Киевдан 15 майга қадар президентлик сайловлари ва Россия билан тинчлик шартномаси шартлари бўйича референдум ўтказишни талаб қилмоқда. Акс ҳолда, Украина Қўшма Штатлар томонидан тақдим этилган хавфсизлик кафолатларини йўқотиши мумкин.
Россия-Украина можароси бўйича уч томонлама музокараларнинг навбатдаги босқичи қачон ва қаерда ўтказилиши маълум қилинганди. Кремль маълумотларига кўра, Россия, Украина ва АҚШ делегациялари ўртасидаги музокараларнинг навбатдаги босқичи 17-18 февраль кунлари Женевада бўлиб ўтиши керак. Украина президенти маъмурияти вакили бу маълумотни тасдиқлади.
Можарони бартараф этиш бўйича музокараларнинг аввалги босқичи 4-5 февраль кунлари Абу-Дабида бўлиб ўтганди. Унда АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф ва Дональд Трампнинг куёви Жаред Кушнер иштирок этди. Россия делегациясига Россия Қуролли кучлари Бош штаби бош бошқармаси бошлиғи Игор Костюков, Украина делегациясига эса президент офиси раҳбари Кирилл Буданов бошчилик қилди. Томонлар музокараларни “самарали” деб баҳолаган. Учрашув кун тартибидан иқтисодий жиҳатлар, ҳудудий масала ҳамда ўт очишни тўхтатиш механизмлари ўрин олган.








