АҚШнинг “Интер Майами” клуби ҳамда Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси оиласи билан Барселонага қайтиш истагини билдирди. Бу ҳақда Sport.es нашри хабар берди.
“Биз Барселонани жуда соғиндик. Болаларим ва турмуш ўртоғим билан бу ерда бўлаётган воқеалар ҳақида тез-тез гаплашамиз. Биз бутун оиламиз билан яна бу ерда яшашни истаймиз. Барселонада уйимиз, умуман олганда ҳамма нарсамиз бор, балки шунинг учун ҳам қайтишни хоҳлармиз?!”, деди Месси.
Аввалроқ аргентиналик футболчи “Барселона” стадионига бориб, бу ердан ўзи хоҳлаган тарзда кета олмаганини ҳамда қачондир қайтишини айтганди.
Маълумот учун, Месси Каталония клубида 2003–2021-йиллар оралиғида тўп суриб, 778 ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 672 та гол ва 303 та голли узатма ёздириб қўйган. Лионель “Барселона” билан 10 марта Испания чемпиони бўлган, 7 марта Испания Кубогини ва 4 марта Чемпионлар Лигаси совринини қўлга киритган.
“Барселона” 2021-йилда молиявий қийинчиликлар ортидан Месси билан янги шартнома имзоламади. Ундан кейин ҳужумчи Парижнинг “ПСЖ” клубида икки йил ўйнади. 2023-йилдан бери АҚШнинг “Интер Майами” жамоаси шарафини ҳимоя қилади.








