Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” клуби Мадриднинг “Реал” жамоаси ярим ҳимоячиси Эдуардо Камавингани ўз сафига қўшиб олиш учун таклиф тайёрламоқда. Mundo Deportivo нашрининг хабар беришича, жамоа раҳбарияти ёш франциялик футболчини яқинда Туркиянинг “Фенербаҳче” клубига ўтган тажрибали таянч ярим ҳимоячиси Нголо Канте ўрнига муносиб ўринбосар сифатида кўрмоқда.
Гарчи Камавинганинг “қироллик клуби” билан 2029-йилнинг ёзига қадар амал қиладиган узоқ муддатли шартномаси мавжуд бўлса-да, Саудия Пролигаси клублари таклиф этадиган суммалар испан клубини ушбу трансфер борасида ўйлаб кўришга мажбур қилиши мумкин. “Ал-Иттиҳод” футболчини сотиб олиш бўйича асосий ҳаракатларни ёзги трансфер ойнаси вақтида амалга ошириши кутилмоқда.
Аввалроқ 23 ёшли ярим ҳимоячига Англиянинг “Ливерпуль” ва “Арсенал” клублари ҳам жиддий қизиқиш билдираётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бироқ ҳозирча томонлар ўртасида музокаралар бўлгани йўқ.
Камавинга 2021-йилдан бери “Реал” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда ва шу вақт ичида 206 та учрашувда 6 та гол ҳамда 11 та голли узатмага муаллифлик қилди. Transfermarkt портали 23 ёшли футболчининг бозор қийматини 50 миллион еврога баҳоламоқда








