Мадриднинг “Реал” клуби ҳимоячиси Антонио Рюдигер шартномаси якунлангач, фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда ESPN хабар бермоқда.
Унга кўра, футболчи 2026 йил ёзида шартномаси тугагач, жамоани эркин агент сифатида тарк этиши мумкин. Ҳозирда унга Европанинг ҳамда Саудия Арабистони чемпионатларидан қизиқиш бўлмоқда.
Аввалроқ Рюдигерга Франциянинг “ПСЖ” клуби ҳам қизиқиш билдираётгани ҳақида маълумотлар тарқалганди. Парижликлар футболчи билан музокара ўтказмоқда ва уни ўз сафига қўшиб олиш учун яхшироқ шартнома таклиф қилишга тайёр. “ПСЖ” раҳбарияти жамоага тажрибали футболчи зарур деб ҳисобламоқда ва Рюдигер уларнинг талабларига тўлиқ жавоб беради.
Маълумот учун, 2025/26-йилги мавсум германиялик ҳимоячи “Реал” сафида жами 7 та учрашувда майдонга тушди. Унинг мадридликлар билан тузилган шартномаси 2026-йилнинг ёзига қадар амал қилади. Transfermarkt маълумотига кўра, Рюдигернинг бозор қиймати 12 миллион еврони ташкил этади.








