Жанубий Кореянинг йирик криптовалюта биржаларидан бири — Bithumb техник хатолик сабаб мижозларига 40 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги биткоинларни тарқатиб юборди. Натижада айрим фойдаланувчилар қисқа вақтга бўлса-да, миллионерларга айланган.
Маълум бўлишича, биржа фойдаланувчиларга рамзий бонус — 2 минг вон (тахминан 1,37 доллар) беришни режалаштирган. Бироқ жума куни (6 февраль)юз берган хатолик оқибатида ҳар бир фойдаланувчига 2 минг дона биткоин ўтказилган.
Bithumb вакиллари ҳодиса юзасидан узр сўраб, носозлик тезда аниқланганини ва хатолик билан юборилган маблағларнинг аксарияти қайтариб олинганини билдирди. Компания маълумотига кўра, воқеадан 35 дақиқа ўтиб, хатолик таъсир кўрсатган 695 нафар фойдаланувчи учун савдо ва маблағ ечиб олиш амалиётлари вақтинча чекланган.
Биржа юборилган 620 минг биткоиннинг 99,7 фоизи қайтариб олинганини маълум қилди.
Шанба куни Жанубий Корея молиявий регулятори фавқулодда йиғилиш ўтказиб, ушбу ҳолат юзасидан текширув бошлаганини маълум қилди. Молия назорати хизмати (FSS) ноқонуний операциялар аломатлари аниқланса, расмий тергов очилишини таъкидлади.Мазкур ҳодиса ташқи ҳакерлик ҳужуми ёки хавфсизлик бузилиши билан боғлиқ эмас. Тизим хавфсизлиги ва мижозлар активларини бошқариш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо аниқланмади, дейилади Bithumb баёнотида.
Bithumb бош директори Ли Же Вон компания ушбу ҳодисадан хулоса чиқаришини ва келгусида мижозларнинг “ишончи ҳамда хотиржамлиги”ни устувор йўналиш сифатида белгилашини билдирди.
Компания компенсация сифатида носозлик вақтида платформадан фойдаланган барча мижозларга 20 минг вон (тахминан 13,66 доллар) тўлашни, шунингдек, айрим комиссияларни бекор қилишни режалаштирмоқда. Шунингдек, шубҳали транзаксияларни аниқлашда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилган.
Шунга ўхшаш ҳолат 2024 йил апрель ойида АҚШнинг Citigroup банкида ҳам содир бўлган. Ўшанда банк хатолик билан мижозлардан бирининг ҳисобига 280 доллар ўрнига 81 триллион доллар ўтказиб юборган. Financial Times маълумотига кўра, хато бир неча соат ичида аниқланиб, транзаксия бекор қилинган.








