Сенатнинг ўн учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси билан Венгрия ўртасида ушлаб бериш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, бу икки давлат ўртасидаги жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам соҳасида алоқаларни тартибга солишни, жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ҳамкорлик механизмларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Шартномада ушлаб беришни амалга ошириш шартлари, сўровларни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби, ушлаб беришни рад этиш асослари, шунингдек, шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлашга доир нормалар белгиланган.
Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Ўтган йилда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида маҳкумларни алмашишни назарда тутувчи шартнома ратификация қилинган. Бу маҳкумларнинг жазони ўз фуқароси бўлган давлатда ўташлари яъни маҳкумлар ўз ватанида, оиласи яқинида жазони ўташ имконияти яратишга қаратилган.
2024 йилда Ўзбекистон ва Италия ўртасида ушлаб бериш, жиноий ишлар бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги ҳамда маҳкумларни топшириш тўғрисидаги шартномалар президент томонидан имзоланган қонунлар ратификация қилинган.








