Исроил самолётлари Ливан жанубидаги қишлоқлар устига қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган гербицид пуркагани маълум бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Ливан Қишлоқ хўжалиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги ушбу маълумотни тасдиқлади. Лаборатория синовлари натижаларига кўра, олинган намуналарда ўсимликларни йўқ қилишда ишлатиладиган глифосат кимёвий моддаси аниқланган. Айрим намуналар таркибидаги модда консентрацияси “одатда қабул қилинган даражадан 20-30 баравар юқори” бўлган.
Бу ҳолат озиқ-овқат ва экологик хавфсизликка оид жиддий хавотирларни келтириб чиқарди. Ливан президенти Жозеф Аун “заҳарли моддалар”ни сепишни қоралаб, буни Ливан суверенитетининг бузилиши, шунингдек, атроф-муҳит ва соғлиқни сақлашга қарши жиноят деб атади.
Исроил мудофаа кучлари BBC’га бу борада ҳеч қандай изоҳ бера олмаслигини маълум қилди. Қишлоқлар устига гербицид пуркашдан кўзланган мақсад ҳозирча номаълум.
Ҳафта бошида БМТнинг Ливандаги тинчликпарвар кучлари Исроил томонидан чегара яқинида кимёвий модда сепиш режалаштирилаётгани ҳақида огоҳлантирилган. Ушбу хабар сабаб тинчликпарвар кучлар режалаштирилган айрим операцияларни бекор қилишга мажбур бўлган.
Ливандаги Human Rights Watch ташкилоти тадқиқотчиси Рамзи Қайснинг сўзларига кўра, 2023–24-йилларда Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги тўқнашувлардан кейин ўн минглаб одамлар ҳануз кўчирилган ҳолда қолмоқда ва уйларига қайтишда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Мутахассислар огоҳлантиришича, бундай ҳодисалар нафақат маҳаллий экотизимларга зарар етказади, балки Ливаннинг қишлоқ хўжалиги сектори учун кенгроқ иқтисодий оқибатларга ҳам олиб келади.“Бу ҳудудлар асосан қишлоқ хўжалигига таянган — зайтунзорлар, тамаки ва бошқа экинлар мавжуд. Ушбу ҳодиса одамларнинг уйларига қайтиши, тирикчилигини сақлаб қолиши ва кенг кўламли вайронагарчиликдан кейин ҳаётини тиклашини янада қийинлаштирмоқда”, деди Қайс.
2024-йилги можаро Ливан қишлоқ хўжалигига, айниқса мамлакат жануби ва Бекаа водийсида, 700 миллион доллардан ортиқ зарар етказган. Ливандаги “Яшил жанубликлар” каби экологик ташкилотлар ҳам ушбу ҳолат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва тупроқ унумдорлигига салбий таъсир кўрсатишидан хавотирда.
Бироқ глифосатнинг хавфи борасида якдил фикр мавжуд эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Саратонни тадқиқ қилиш бўйича халқаро агентлиги уни “эҳтимол, инсон учун кансероген” деб таснифлаб, Ходжкин лимфомаси (лимфа тизимига таъсир қиладиган саратон касалликлари гуруҳи) билан боғлайди. Аммо АҚШ Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш агентлиги ва Европа озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси эса унинг инсон учун кансероген хавф туғдириши эҳтимолдан йироқ, деган хулосага келган. Ливан ташқи ишлар вазирлиги Исроилга қарши БМТ Хавфсизлик кенгашига расмий шикоят киритиш ниятида эканини маълум қилди.“Бу ҳаракатлар аллақачон оқ фосфор билан зарарланган экотизимларга таҳдид солмоқда, ҳашаротлар ва табиий чанглатувчилар учун жиддий хавф туғдирмоқда, биологик хилма-хиллик, озиқ-овқат хавфсизлиги ва маҳаллий аҳолининг турмуш тарзига путур етказмоқда”, дея таъкидлади гуруҳ.








