Исроил Ливанда “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатининг “Бадр” бўлинмаси юқори мартабали қўмондони Абу Ҳасан Алоа йўқ қилинганини маълум қилди. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ИФД) хабар берди.
Маълумотларга кўра, Абу Ҳасан Алоа Исроил ҳарбийларига қарши ҳужум ташкил этишда иштирок этган. Исроил армияси унинг йўқ қилиниши “Бадр” бўлинмасининг бошқарув салоҳиятига жиддий зарба берганини билдирган.
“Абу Ҳасан Алоа “Ҳизбуллоҳ” террорчилик ташкилотининг хавфсизлик зонасида фаолият юритаётган Исроил аскарларига қарши ҳаракатларига жавобан йўқ қилинди”, дейилади IDF баёнотида.
Исроил ҳарбийлари операция Ливан ҳудудида фаолият юритаётган аскарларга қарши ҳужумни ташкил этишда Алоанинг иштироки аниқлангач, амалга оширилганини билдирган.
IDF мазкур операция “Ҳизбуллоҳ”нинг “Радвон” бўлинмаси батальон қўмондони Али Самир ал Ҳожа Ҳасаннинг йўқ қилингани ҳақидаги аввалги хабар ортидан амалга оширилганини таъкидлаган.
12 август куни Исроил қўшинлари Ғазо секторининг шимолий қисмига ҳам зарба берган эди. IDF маълумотларига кўра, ҳужум нишони “ҲАМАС” ҳаракатининг ҳарбий қаноти қўмондонларидан бири бўлган.
Исроил армияси ҳужумдан аввал тинч аҳоли орасидаги талафотларни имкон қадар камайтириш чораларини кўрганини билдирган. Операция давомида юқори аниқликдаги ўқ-дорилардан фойдаланилган.
Ливандаги вазият ва йўқотишлар
Исроил Ливан жанубида бир қанча ҳудудларни босиб олган. Уларнинг айримлари ўн йиллардан бери, қолганлари эса 2023—2024 йиллардаги уруш пайтида эгалланган. Ҳозирги ҳарбий кампания давомида Исроил кучлари Ливан ҳудудига 10 километрдан кўпроқ ичкарига кириб борди.
Ливан расмий маълумотларига кўра, 2 мартдан буён Исроилнинг Ливандаги ҳужумлари оқибатида 4192 киши ҳалок бўлди, 12 171 киши яраланди. Шунингдек, 1 миллиондан ортиқ аҳоли ўз уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Кейинчалик АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхуга Сурия ва Ливандан қўшинларни олиб чиқиш зарурлигини айтган эди. Бироқ Исроил мудофаа вазири Исроил Кац баёнот бериб, АҚШ ҳукуматидан чиқиб кетиш ҳақида талаб бўлган тақдирда ҳам, Исроил армияси Ливан жанубидаги босиб олинган ҳудудларни тарк этмаслигини айтканди.








