“Манчестер Сити” Англия Лига Кубоги ярим финалининг жавоб учрашувида “Ньюкасл”ни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, мусобақа финалига йўл олди. Учрашув Манчестер шаҳридаги “Etihad” стадионида бўлиб ўтди.
“Шаҳарликлар” сафида Омар Мармуш 7 ва 29-дақиқаларда, Тижжани Рейндерс эса 32-дақиқада гол урди. “Ньюкасл” таркибида Антони Эланга 62-дақиқада ҳисобни қисқартирди. Жамоалар ўртасидаги илк учрашувда “Манчестер Сити” сафарда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонганди.
Финалда “Манчестер Сити” “Арсенал”га қарши майдонга тушади. Лондон клуби ярим финалда “Челси”ни икки ўйин натижасига кўра мағлуб этди (3:2 ва 1:0). Кубок учун баҳс 22 март куни Лондондаги “Уэмбли” стадионида бўлиб ўтади.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов учрашувни асосий таркибда бошлади ва тўлиқ ҳаракат қилди. Sofascore портали томонидан Ҳусановнинг ўйини 6,3 балл билан баҳоланди.
Англия Лига кубоги 1960 йилдан буён ўтказиб келинади. Ўтган мавсумда “Ньюкасл” ушбу мусобақада илк бор ғолиб бўлган. Турнир тарихидаги энг кўп ғалабага “Ливерпуль” эга — 10 марта. “Арсенал” ҳисобида 2 та, “Манчестер Сити” эса ушбу совринни 8 марта қўлга киритган.








