Ўзбекистонда олий таълим ташкилотлари миллий рейтингини юритишнинг янги тартиби белгиланади. Бу ҳақдаги низом лойиҳаси муҳокамалар порталига жойлаштирилди.
Қайд этилишича, миллий рейтингда ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ташкил этилганлигига уч йил тўлган ва битирувчиларга эга бўлган олий таълим ташкилотлари иштирок этади, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган, ихтисослаштирилган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари мустасно.
Унда ОТМлар контингентига (талабалар сони) қараб, ижтимоий-гуманитар фанлар, амалий фанлар, тиббиёт фанлари ва ижод (спорт) тоифаларга ажратилади.
Олий таълим ташкилоти томонидан маълумотлар махсус платформага ҳар йили 1 февралга қадар киритилади ва рейтинг натижалари 31 октябргача эълон қилинади.
Ўзбекистондаги тўртта ОТМ 2025-йилда фанлар кесимида халқаро рейтингда 1000 таликка кирган. Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети илк маротаба фан рейтингидан жой олган.
Мамлакатнинг 38 та олийгоҳи дунёнинг топ 1000 талик “яшил” ОТМлари рейтингидан ўрин олгани ҳам хабар қилинганди.








