Daryo

“Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатишга рози бўлди” — Трамп

АҚШ президенти шу сабабли Ҳиндистон товарлари учун божларни 18 фоизга туширишини айтди. Нарендра Моди ва Трамп тегишли масалани телефон орқали мулоқот қилди.

1 дақиқа ўқиш5 424 кўришлар0 изоҳ1

Ҳиндистон Россиядан нефть сотиб олишни тўхтатишга рози бўлди. Бу ҳақда АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилди.

Трампнинг сўзларига кўра, у 2 февраль куни Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди билан телефон орқали мулоқот қилган. Ушбу суҳбатда Моди Россия нефтини харид қилишни тўхтатишга розилик билдирган.

“Ҳиндистон бош вазири Моди билан суҳбатлашиш мен учун шараф бўлди. У менинг энг яқин дўстларимдан бири, ўз мамлакатининг қудратли ва ҳурматли раҳбари. Биз кўп нарсалар, жумладан, савдо, Россия ва Украина билан урушни тугатиш ҳақида гаплашдик. У Россия нефтини сотиб олишни тўхтатишга, Қўшма Штатлар ва, эҳтимол, Венесуэладан кўпроқ сотиб олишга рози бўлди. Бу ҳар ҳафта минглаб одамлар ҳалок бўлаётган Украинадаги урушни тугатишга ёрдам беради!”, дея қарорни изоҳлади АҚШ президенти.

​У тегишли қарор ортидан АҚШ Ҳиндистон учун савдо божини зудлик билан 25 фоиздан 18 фоизга туширишга рози бўлганини айтди. Шунингдек, Ҳиндистон АҚШдан 500 миллиард доллардан ортиқ миқдорда энергетика, технология, қишлоқ хўжалиги, кўмир ва бошқа кўплаб маҳсулотларни харид қилишга рози бўлганини билдирди.

“Моди Америка товарларини сотиб олишни кенгайтиради”, деди АҚШ президенти.

​У Ҳиндистон АҚШга нисбатан бож ва божхона билан боғлиқ бўлмаган тўсиқларни нол даражагача тушириш йўлида ҳаракат қилишини айтди.

Моди Россия нефтини тилга олмади

Ўз навбатида, Ҳиндистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари X ижтимоий тармоғида АҚШ президенти билан “ажойиб” суҳбат ўтказганини ёзди.

“Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга энди тариф 18 фоизгача пасайтирилишидан жуда хурсандман. Икки йирик иқтисодиёт ва дунёдаги энг йирик демократиялар биргаликда ишласа, бу халқларимизга фойда келтиради ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун улкан имкониятлар очади”, деди у ва Россия нефтьи билан боғлиқ вазиятни тилга олмади.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар