АҚШ президенти Дональд Трамп ва Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россия нефтьини сотиб олишни тўхтатиш тўғрисида суҳбатлашмаган. Мазкур баёнот Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинди.
Бу орқали Деҳли яна бир бор Москва билан иқтисодий ҳамкорликни камайтириш бўйича босимларга бўйсунмаслигини билдирмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги вакили Рандҳир Жайсвал ҳафталик матбуот анжуманида бу борада Моди ва Трамп ўртасида ҳеч қандай суҳбат бўлмаганини таъкидлаган.
“Кеча бош вазир Моди ва президент Трамп ўртасида бу хусусда суҳбат бўлмаган”, деган Жайсвал журналистлар саволларига жавоб бераркан.
АҚШ президенти 15 октябрь куни Моди билан гаплашганини, суҳбатда Бош вазир Россия нефтьини сотиб олмасликка ваъда берганини айтган эди.
“Мен Ҳиндистоннинг Россиядан нефть олаётганидан мамнун эмасдим. Бугун Моди менга рус нефтьини харид қилмаслигини айтди. Бу катта қадам”, деган эди Трамп.
Трампга кўра, бу жараён бир оз вақт олиши, аммо яқин кунларда якунланиши керак эди. Ҳиндистон ҳукумати эса Трампнинг бу баёнотига жавобан Россиядан нефть хариди бўйича АҚШ билан музокаралар ҳали ҳам давом этаётганини маълум қилган.
Шунингдек, Ҳиндистон ҳукумати мамлакат энергия эҳтиёжларининг катта қисми импортга боғлиқлигини инобатга олган ҳолда, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш сиёсатига содиқ қолишини таъкидлаган. Айни пайтда, Россия 16 октябрь куни Ҳиндистон билан энергетика соҳасидаги ҳамкорлик давом этишига ишонишини билдирган.
“Биз дўстона ҳамкорларимиз билан алоқани давом эттирамиз. Бизнинг энергетика ресурсларимиз талабгир, иқтисодий жиҳатдан фойдали ва амалий. Ҳамкорлигимиз янада ривожланади”, деган Россия бош вазири ўринбосари Александр Новак.
Россия йиллар давомида Ҳиндистоннинг энг йирик мудофаа етказиб берувчиси бўлиб келган — самолёт, вертолёт, сувости кемалари ва ракета тизимларини етказиб берган. Сўнгги йилларда эса энергия алоқалари янада мустаҳкамланиб бораётган эди. Трамп президентлиги даврига келиб, Деҳли Москва нефтьини импорт қилгани учун жазо сифатида ҳинд маҳсулотларига 25 фоизлик бож жорий этилиб, ставка 50 фоизга оширилган эди.








