Daryo

15 миллионга яқин Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари интернетга “сиздирилди”

Асосан ўғирланган маълумотларни тарқатиш, сотиш ёки ҳакерлик ҳужумлари ҳақида ахборот берувчи форумлардан бирида айтилишича, давлатнинг асосий аутентификация тизими бўлган OAuth сервери бузиб кирилган. Мазкур OAuth сервери Рақамли ҳукумат тизимида фойдаланувчиларни аниқлаш учун қўлланилган. Маълумотларга кўра, бузилган серверлардан 15 миллиондан ортиқ фойдаланувчига оид маълумотлар ўғирланган.

3 дақиқа ўқиш160 753 кўришлар0 изоҳ192

Ҳукумат тизимларидан камида 15 миллион Ўзбекистон фуқаросининг шахсий маълумотлари сиздирилгани ва Dark Wеb’га жойлаштирилгани ҳақида айтилмоқда. “Киберхавфсизлик маркази” ДУК мазкур ҳолат бўйича ўрганишлар олиб борилаётганини ва ҳолат юзасидан қўшимча маълумотлар тақдим этилишини маълум қилди.



Фото: Reddit

Асосан ўғирланган маълумотларни тарқатиш, сотиш ёки ҳакерлик ҳужумлари ҳақида ахборот берувчи форумлардан бирида айтилишича, давлатнинг асосий аутентификация тизими бўлган OAuth сервери бузиб кирилган. Натижада ҳукуматнинг ишончли аутентификация манбаи сифатида ишлатган барча сайт ва тизимлар хавф остида қолган. Булар қаторига университетлар, сиёсий партиялар, коммунал тўлов платформалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда энг муҳими — Ички ишлар вазирлигининг кадрлар тизими киради.

Мазкур OAuth сервери Рақамли ҳукумат тизимида фойдаланувчиларни аниқлаш учун қўлланилган. Маълумотларга кўра, ушбу бузилган OAuth серверларидан 15 миллиондан ортиқ фойдаланувчиларга оид маълумотлар ўғирланган.

Шунингдек, фуқароларнинг тиббий маълумотлари сақланган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги (ИҲМА) тизими ҳам тўлиқ бузилган. Ички ишлар органларига тегишли шахсий маълумотларнинг (IIV.UZ) тарқалиши ҳам электрон ҳукумат OAuth сервери бузилгани билан боғлиқ.

Худди шу ҳолат:

  • Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси (STAT.UZ),
  • Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси (UZMRC.UZ) тизимларига ҳам тааллуқли.

Тарқалган маълумотларнинг аксариятида қуйидаги шахсий маълумотлар мавжуд:

  • исм ва фамилия
  • яшаш манзили
  • туғилган сана
  • телефон рақами
  • электрон почта манзили
  • паспорт рақами

Ҳакерлар жамоаси улар қўлга киритган маълумотлар ҳақиқатда мавжудлигини исботлаш учун минглаб фуқароларнинг шахсий маълумотларини тарқатган. “Дарё”да ушбу файллар мавжуд бўлиб, уларда фуқароларнинг барча шахсий маълумотлари киритилган. Ҳаттоки паспорт нусхалари, касаллик варақаси нусхалари, расмлар ҳам бор.

Фото: Тарқатилган маълумотлардан скриншот

“Kurbanoff.net” Telegram канали ушбу маълумотлар 2023-йилга тегишли экани ҳақида ёзди.

Шахси сир сақланишини хоҳлаган мутахассислардан бири ҳакер билан боғланишга ҳаракат қилгани ҳақида ёзади. У бу маълумотларни 200 минг еврога ўчириб юбориши ва маълумотлар тарқалишига сабаб бўлаётган хатоликни бартараф этишга ёрдам бермоқчилигини ёзган. Ҳакернинг маълум қилишича, 5 кун олдин Киберхавфсизлик ҳодисаларига чора кўриш хизмати Uzcert ходимлари ҳам боғланган. Уларга ҳам айнан шу сумма айтилгач, бошқа ҳеч ким у билан боғланмаган.

Фото: Суҳбатдан скриншот

Қизиқарлиси, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги 31 январь куни ўз Telegram каналида “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида профилактик ишлар олиб борилиши муносабати билан жорий йил 2 февраль соат 5:00 га қадар “my.gov.uz”да мазкур тизим орқали кўрсатиладиган электрон хизматларда узилишлар кузатилиши ҳақида хабар берган.

Миллий Статистика қўмитаси фуқароларнинг рўйхатга олиш билан боғлиқ шахсий маълумотлари хавфсизлиги бўйича ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқлигини маълум қилди.

“Маълумотлар миллий ахборот хавфсизлиги талабларига мувофиқ қатъий муҳофаза остида сақланмоқда ва ташқи манбалар орқали сизиб чиқиши эҳтимоли мавжуд эмас”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, рўйхатга олиш жараёнида ҳеч бир фуқарога тегишли фотосурат олинмаган ва маълумотлар базасига расм юкланмаган.

Худди шундай ҳолат Тошкент шаҳрида кузатилган эди. Яккасарой туманининг 100 минглаб фуқаролари барча маълумотлари 4 йил давомида очиқ сақланган.

Маълумот учун, “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига кўра, давлат шахсга доир маълумотларнинг ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Субъектнинг розилигисиз ёки бошқа қонуний асос мавжуд бўлмаган ҳолда шахсга доир маълумотларни ошкор этиш ва тарқатишга йўл қўйилмайди.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар