Самарқандда велосипедчи иккита машина уриб юбориши оқибатида ҳалок бўлди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 29 январь куни соат 18:20 лар атрофида Тойлоқ туманида Тойлоқ—Ургут йўналишида ҳаракатланиб кетаётган велосипедчини шу йўналишда келаётган Isuzu уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир этган.
Юк машинаси уриб юборган велосипедчи йўлга йиқилган. Шундан сўнг уни орқа томондан ҳаракатланиб келаётган Damas босиб кетган. Фуқаро воқеа жойида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Жиззахда йўлдан ўтаётган қиз автомобиль уриб юборишидан вафот этганди. Тарқалган видеода йўлни пиёдалар ўтиш жойидан кесиб ўтаётган икки қиздан бирини катта тезликда келган автомобиль уриб, учириб юборгани акс этган.
Бошқа бир вазиятда эса Тошкентда бўлажак келин-куёвнинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи 8-йилга қамалган. У бир неча йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда юқори тезликда ҳаракатланиб, темир устунга урилган.
Навоийда эса ичида 47 йўловчиси бўлган автобус ағдарилиб кетган. Ҳодиса оқибатида икки фуқаро олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган.








