Daryo

Декрет пули хусусий секторда ҳам иш ҳақидан келиб чиқиб тўлана бошланди

Хусусий корхоналарда ишловчи аёлларга кўпроқ нафақа олиш имконияти яратилди. Бу йил давлат декрет пули тўловларига 2025 йилдагидан 2,5 баравар кўп маблағ ажратади.

2 дақиқа ўқиш15 776 кўришлар0 изоҳ9

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан декрет пули хусусий секторда ҳам давлат корхоналаридаги каби иш ҳақига боғлаб тўланмоқда. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги департамент директори Шерзод Муҳамедов маълум қилди, дея хабар берди “Дарё” мухбири.

Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Тошкент шаҳрида 29 январь куни ўтган очиқ мулоқотда Шерзод Муҳамедов хусусий секторда ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўлаш тартиби ўзгарганини айтди.

“Хусусий секторда ишловчи аёллар учун аввал ҳам давлат бюджетидан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланарди. Лекин тўлов миқдори аниқ белгиланган бўлиб, 2 миллион сўмни ташкил этган. Давлат ташкилотларида эса ходимнинг охирги бир йиллик иш ҳақидан ўртача бир ойлик миқдори аниқланиб, ўшанинг тўрт баравари тўлаб келинади. 2026 йил 1 январдан хусусий секторда ишловчи аёллар нафақалари ҳам давлат ташкилотларидаги каби ҳисобланади. Улар ҳам энди сўнгги бир йилда олган иш ҳақидан аниқланган ўртача бир ойлик маблағнинг тўрт бараварини олади. Бу хусусий секторда ишловчи аёлларга ўз иш ҳақига мос нафақани кўпроқ олиш имкониятини яратади”, деди вазирлик вакили.

​2026 йил 1 январда тузилган Ижтимоий суғурта жамғармаси хусусий ва давлат корхоналарида ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаб боради.

Шерзод Муҳамедов
Фото: Иқтисодиёт ва молия вазирлиги

Шу билан бирга, жорий йил 1 июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси ҳам тўлай бошланади. Тўловлар хусусий ва давлат корхоналари бўлимларига бир хил тартибда, жамғарма орқали амалга оширилади.

Маълумотларга кўра, ҳозирда давлат ташкилотларида 1,4 миллион, хусусий секторда 1,8 миллион нафар аёл расмий банд ҳисобланади. 2025 йилда хусусий корхоналарда фаолият юритувчи аёллардан декрет нафақасини олганлар улуши 24 фоизни ташкил этган. Қолган 76 фоизи турли сабаблар билан пул олмаган. Масалан, тадбиркор ходимнинг декрет нафақаси яқинлашганда нафақа пули бермаслик учун ишдан бўшатган. Янги тартиб кучга киргунига қадар иш берувчига юклама юқори эди. Қонунга асосан, ўртача 5 миллион сўм ойлик оладиган, 5 йиллик иш стажига эга аёл ходимга 20 миллион 800 минг сўм декрет нафақаси тўланади. Шундан давлат ҳисобидан 2,7 миллион сўми қоплаб берилади. Қолган 18,1 миллион сўмини иш берувчи тўлаб бериши керак.

2026 йилда Ўзбекистонда ҳомиладорлик ва туғиш нафақасига давлат бюджетидан 2,5 триллион сўм ажратилиши белгиланган. Таққослаш учун, мазкур турдаги нафақа учун 2025 йилда давлат ташкилотларидаги аёлларга 1 триллион сўм, хусусий сектордагиларга 40 миллиард сўм тўланиши қайд этилган.

Жорий йилда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси учун бюджетдан 864,4 миллиард сўм ажратилади. Ўтган йилги бюджет қонунида бундай тўловлар кўзда тутилмаганди.

Farg‘onadanman. Oʻzbekiston Milliy universitetini tamomlaganman. “Daryo”da 2022-yildan beri muxbirman. Iqtisodiy-siyosiy voqealarni yoritib boraman. Yoqtirgan kinolarimdan biri — “Shoushenkdan qochish”. Oxirgi o‘qilgan kitoblardan iqtisodchi olimlar Daron Ajemo‘g‘li va Jeyms Robinson hammuallifligidagi “Mamlakatlar tanazzuli sabablari…” kitobi yoqdi.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар