Ўзбекистонда 2025 йилда ижара шартномалари асосида 1,1 триллион сўм солиқ ҳисобланди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар қилди.
Қайд этилишича, солиқ органларида 685 мингдан ортиқ ижара шартномалари ҳисобга қўйилган бўлиб, 1,1 триллион сўмдан зиёд солиқ ҳисобланди.
Бунда жисмоний шахслар ўртасида 479,6 мингта шартнома тузилган ва ўтган йилга қараганда 9,4 фоиз ўсиш кузатилган. Улар асосида 870,1 миллиард сўм даромад солиғи ҳисобланиб, сумма 58,7 фоизга ошган.
Юридик шахслар ўртасида эса 206,1 мингта ижара шартномаси асосида 307 миллиард сўм солиқ ҳисобланиб, 2024 йилга нисбатан шартномалар сонида 22,9 фоиз ва ҳисобланган солиқ суммасида 22,3 фоизга ўсиш бўлган.
Ўтган йил давомида талабаларга уйини ижарага берганлар даромад солиғидан 64,3 миллиард сўм имтиёз олди.
Талабалар билан 123,6 мингдан ортиқ турар жой ижара шартномаси тузилган бўлиб, шундай ижарачилар сони 143 711 нафарни ташкил этди.
Аввалроқ Ўзбекистонда ОТМ битирувчиларини ишга олган тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилиши хабар қилинганди.
Мамлакатда 2025 йил 1 ноябрь ҳолатида ижарага берилган кўчмас мулклар сони 326 мингдан ошган ва улар асосида 957,6 миллиард сўм солиқ ҳисобланган.








