FIFA президенти Жанни Инфантино Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилган Жаҳон иқтисодий форумида нутқ сўзлаб, 2026-йилги футбол бўйича Жаҳон чемпионати билан боғлиқ рекорд кўрсаткичларни маълум қилди.
Инфантинонинг таъкидлашича, 2026-йилги мундиал тарихда илк бор 48 та жамоа иштирокида ўтказилади. Турнир доирасида 16 та стадионда жами 104 та учрашув бўлиб ўтади. Мусобақани стадионлардан тахминан 7 миллион мухлис томоша қилиши, телевидение орқали эса дунё бўйлаб 6 миллиардга яқин томошабин кузатиши кутилмоқда.
“Бу мусобақада дунёдаги ҳар тўртинчи терма жамоа қатнашади. Стадионларда қарийб 7 миллион мухлис бўлиши кутилмоқда, телевидение орқали эса ўйинларни 6 миллиардга яқин томошабин кузатади. Стадионга келадиган мухлислар бир ой ичида 104 та Суперкубок ўйинини қилиши мумкин бўлади”, дейди Инфантино.
FIFA раҳбари чипта савдоси билан боғлиқ статистикага ҳам алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, чипталарнинг биринчи савдо босқичи тўрт ҳафта аввал бошланган бўлиб, шу вақт ичида 500 миллиондан ортиқ ариза келиб тушган. Таққослаш учун, Жаҳон чемпионатларининг 100 йиллик тарихида жами 50 миллионга яқин чипта сотилган. 2026-йилги мундиал учун эса атиги бир ой ичида минг йиллик тарихга тенг миқдорда сўровлар қайд этилган.
“Одамлар Жаҳон чемпионатида қатнашиш билан бирга саёҳат қилишни ва яқинлари билан вақт ўтказишни ҳам истамоқда”, дея қўшимча қилди FIFA раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича 2026-йилги Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтказилади. Унда Фабио Каннаваро бошчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси ҳам ўз тарихида илк марта мундиалда иштирок этади. “Оқ бўрилар” Португалия, Колумбия ҳамда плей-офф орқали йўлланма оладиган жамоа (Конго, Янги Каледония ҳамда Ямайка) билан “K” гуруҳидан жой олган.








