Терма жамоамиз Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинини Португалияга қарши ўтказади. Дастлабки турдаги ўйинимиз мухлисларга кўплаб ижобий ҳиссиётлар улашган, Португалия эса, аксинча, танқидлар остида қолган бўлса-да, бўлажак баҳсда катта фарқ билан улар фаворит ҳисобланади.
Конгога қарши ўйиндаги муваффақиятсизликка қарамай, Мартинес шогирдлари жуда кучли таркиб ҳамда салоҳиятга эга. Катта эҳтимол билан улар бизга қарши бутунлай бошқача мотивацияда майдонга тушади. Футболчиларимиз учун асосий вазифа – дастлабки ўйиндан фақат ижобий томонларни кейинги ўйинга кўчириб, хатоларни бартараф этишдан иборат. Табиийки, Португалияга қарши Конго тажрибаси ҳам бизга ёрдам бериши мумкин. Хўш, Португалияга қарши қандай ўйнаймиз?
Португалия энди хавфлироқми?
Португалияликларнинг Конгога қарши ўйиндаги натижаси бизда ҳам имконият бўлиши мумкинлигидан далолат қилса-да, бошқа томондан тайёргарлик жараёнини қийинлаштиради ҳам. Агар рақиб дастлабки ўйинни муваффақиятли ўтказганида, биз қандай жамоа, қандай таркибга қарши тайёрланишимизни аниқ билар, рақибга қандайдир сюрприз тайёрлаш имконига эга бўлардик. Аммо энди Мартинес баъзи ўзгаришлар қилиши аниқ.
Шунингдек, дастлабки ўйиндан сўнг Португалия терма жамоаси атрофида жуда кўп салбий воқеалар рўй берди, ғалати фон шаклланиб қолди. Хусусан, Жоау Невешнинг Криштиану Роналду ҳақидаги сўзлари бир оз нотўғри талқин қилингани, терма жамоадаги бошқа ярим ҳимоячилар – Витиня, Бруну Фернандешларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига қилинган ҳужумлар дастлабки турдаги дуранг оқибатларидир.
Аслида бунинг сабаби тушунарли: дунёда, жумладан, Португалияда ҳам ушбу терма жамоадан кўра Роналдунинг мухлислари кўпроқ. Бу тоифанинг аксарияти футболдан йироқ бўлиб, фақат Роналду туфайлигина терма жамоа ўйинларини томоша қилаётган бўлиши ҳам мумкин. Табиийки, ўз суюкли футболчисини ҳар нарсага қодир “супермен” ўлароқ кўришга ўрганиб қолган бу инсонлар муваффақиятсизликда айбни фақат бошқалардан излашади. Конго билан ўйинда ҳужумчининг майдонни голсиз тарк этишига, аввало, Мартинеснинг муваффақиятсиз тактикаси ҳамда юқорида саналган футболчиларнинг Роналдуни қулай вазиятга чиқара олмагани ҳам сабаб бўлди. Месси, Мбаппе, Ҳоланд каби футболчилар кўплаб гол урган биринчи турда Роналду одатдагидек ўз жавобини бермагач, унинг жамоадошларига нисбатан танқид ва “хейт” кескин кўпайиб кетди.
Бу воқеалар жамоага қанчалик таъсир кўрсатади — айтиш қийин, сабаби айни дамда ичкарида қандай муҳит ҳукм сураётганини билмаймиз. Эсингизда бўлса, ЖЧ—2006 гуруҳ босқичида Зидан ва унинг жамоадошлари ўртасида ҳам катта зиддият пайдо бўлган, Терри Анри бошчилигидаги баъзи футболчилар Зиданнинг жамоадаги ўрнини шубҳа остида қолдиришганди. Лекин бу зиддият тезда барҳам топиб, плей-оффда жамоа жипслашган, Зидан ҳам, Анри ҳам энг яхши ўйинларини кўрсатиб, финалгача етиб боришганди. Бугунги Португалияда ҳам шундай бўладими ёки мана шундай ёмон муҳит туфайли муваффақиятсизликка учраган кўплаб жамоалардан бирига айланадими — буни аниқ айтиш қийин.
Бу эса, табиийки, Ўзбекистон терма жамоаси учун ҳам ноқулайлик туғдиради: биз бутунлай бошқача ўйнайдиган хавфли Португалияни кўрамизми ёки аввалги муаммолар ҳал этилмаган ҳолатда тушунмовчиликлар давом этадими? Айнан мана шу мавҳумлик бизни керагидан ортиқ эҳтиёткорликка ёки рақиб кучини етарлича баҳоламасликка олиб келиши эҳтимоли бор. Яхшиямки, ҳар икки ҳолатда ҳам биз фаворит эмасмиз, бу омил Каннаваро шогирдларини руҳий жиҳатдан хотиржам тайёрлашга ёрдам бериши мумкин.
Мартинес кўп нарсани ўзгартирмайди
Аввало, таркибда бир қатор ўзгаришлар амалга оширилиши мумкин. Мисол учун, марказий ҳимояда. Рубен Диаш Ўзбекистонга қарши ўйинга тайёр экани айтилмоқда, шунингдек, Араухо умумий гуруҳдаги машғулотларда қатнашмагани маълум. Демак, Португалия ҳимоя марказида ўзгариш содир бўлиши эҳтимоли юқори. Шунингдек, Конгога қарши ўйиннинг 1-бўлимида алмаштирилган Бернарду Сильва бу сафар илк дақиқалардан майдонга тушмаслиги мумкин. Консейсау ўнг қанотда анча тезкор ҳаракат қилди ва бир қатор вазиятлар яратди. Демак, Ўзбекистонга қарши Португалия қанотларда тезкорроқ ўйнаши кутилмоқда.
Албатта, Криштиану Роналду, Бруну Фернандеш ёки Жоау Невеш каби ижтимоий тармоқ қаҳрамонларидан бирининг захирага олиниши рўй бермаса керак. Аксинча, Мартинес жамоадаги муаммоларни нисбатан кучсизроқ рақибга қарши, хусусан, Ўзбекистон билан ўйинда ечиб олишга ҳаракат қилади. Тасаввур қилинг: Португалиянинг йирик ғалабаси, Роналдунинг бир нечта гол уриши, айтайлик, Бруну ёки Невешнинг Роналдуга ассисти каби воқеалар жамоа муҳитидаги зиддиятларни ҳал қилиши ва атрофдаги зарарли гап-сўзларга барҳам бериши мумкин. Шунинг учун Португалия бутунлай схемани ўзгартирмасдан туриб ғалаба қозониши мураббий учун жуда муҳим.
Конго тажрибаси
Биринчи турда сенсация қайд этган яна бир жамоа – Кабо-Вердедан фарқли равишда, Конгонинг натижасида тактик жиҳатдан мантиқий асос ҳам бор. Яъни, Кабо-Верде кўпроқ дарвозабоннинг муваффақиятли ўйини ва қуйи блокда ишончли ҳимояланиш эвазига Испания билан дуранг қайд этган бўлса, Конго рақибнинг энг кучли томони — майдон марказини жуда яхши ёпа олганди. 5-3-2 схемасида ҳаракат қилган конголиклар ярим ҳимоячиларни бир чизиқда жойлаштирмади, аксинча, марказда “квадрат” ҳосил қилиб, ҳимоя блокининг кўп қаватли бўлишини таъминлади.
Марказдаги тўртлик гоҳ ягона таянч футболчиси билан, гоҳ 2+2, гоҳ 3+1 шаклга алмашиб турди ва Португалия ярим ҳимоячиларига чизиқлар орасида тўпни қабул қилишларига йўл қўймади. Бу борада анча устун бўлган Бруну ҳам, Невеш ҳам якунда қанотларда ёки анча ортга қайтиб тўпни қабул қилишга мажбур бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган суратларга ҳам эътибор қаратиш мумкин.
Португалия ярим ҳимоячилари майдоннинг хавфсиз қисмида исталганча тўпни назорат қилиши мумкин, аммо ичкарига, хавфлироқ зоналарга кириши билан қаттиқ таъқибга учрамоқда. Жарима майдончаси яқинида тўпни бемалол назорат қилишга йўл қўйилмагани эса португалияликларни Криштиану томон қулай узатмалар амалга ошириш ёки узоқ масофадан зарба бериш имкониятидан маҳрум қилди.
Каннаваро ҳам бу тажрибадан фойдаланиши, чизиқли қуйи блок ўрнига майдон марказига урғу бериши тўғрироқ бўларди. Албатта, 5-3-2 бизнинг қарши ҳужум қилиш ва қанотлардан фойдаланиш имкониятимизни чеклайди. Сабаби, Конгонинг 5-3-2 схемасида марказий ярим ҳимояда майдонга тушган Каембе ва Мукау (унинг ўрнига тушган Садики ҳам) ҳужумкор футболчи сифатида ҳам, вингер сифатида ҳам бой тажрибага эга. Яъни, уларда қарши ҳужумларда схеманинг тезкор ўзгариши ва турли позициялардан жой олишда анча вариантлар бор эди. Агар биз 5-3-2 қилиб, марказга Ҳамробековни ҳам жойлаштирадиган бўлсак, марказий учликдан конголикларнинг функциясини кутиш имконсиз бўлиб қолади. Мозговой ҳам, Шукуров ёки Ҳамробеков ҳам тезкорлик билан, тўп билан ёки тўпсиз ҳужумкор ўйнай олмайди. У ҳолда олдиндаги икки футболчининг вазифаси кескин оғирлашиб кетади ва португалиялик ҳимоячилар қарши ҳужумларимизни осонлик билан бартараф қилиши мумкин.
Аммо қанотдаги ҳужумчиларимиздан тўпсиз фаолликни талаб қилган ҳолда 5-4-1 схемасидан фойдаланишимиз мумкин.
Биз шундоқ ҳам 5-4-1 шаклида ҳимояланамиз, лекин тўртлигимиз кўпинча бир чизиқда жойлашиб, Ўрунов ва Файзуллаев қанот ҳимоячиларига ёрдам беришга тушиб кетади. Аммо агар Португалия билан ҳам шундай ҳимояланадиган бўлсак, ҳимоя блокимиз анча пасаяди ва рақиб жарима майдончамизга анча яқин зонада тўпни назорат қилиш имконига эга бўлади. Бруну Фернандеш, Витиня каби футболчилар агар ҳужумчиларга яқинроқ жойлашса қанчалик хавфли бўлишини, шунингдек, бу футболчилар қисқа зоналарда ҳам комбинация орқали ҳимояни ёриб кириши мумкинлигини яхши биламиз.
Ортда 4 эмас, 5 нафар ҳимоячига эга эканимиз шундоқ ҳам горизонтал ҳимояланишимизга ва қанотларни ёпишга ёрдам беради. Шу билан бирга, агар ярим ҳимоя чизиғини вертикал жойлаштирсак, худди Конго амалга оширгани каби, Португалиянинг энг кучли чизиғига структуравий зарба берган бўламиз. Конго билан 1-бўлимда муваффақиятсизликка учраган Мартинес, масалан, иккинчи бўлимга янгилик топа олмади. Балким, биз билан ўйингача ҳам бундай ечимни топа олмас? Балки, у биздан айнан Конго каби схемани умуман кутмаётгандир?
Бу жойлашувда энг нозик нуқта — Файзуллаев ва Ўруновларнинг (ёки Ҳамдамовнинг) тўпсиз ақлли ҳаракатлари. Яъни, қачон марказни ёпиш ва қачон қанотда ёрдам бериш кераклигини сезиш ўта муҳим. Португалия чап қанотдан ҳужумга ўтганда чап қанот вингеримиз ҳимоячига ёрдам бериб, қолган уч ярим ҳимоячи марказда қолиши талаб этилади.
Колумбияга қарши ўйиндаги хатолардан қутулиш керак
Қуйидаги расмларга эътибор беринг:

Колумбияга қарши ўйиннинг, айниқса, биринчи таймида рўй берган энг кўп хато — рақиб ярим ҳимоячиларининг хавфли ҳудудларда бемалол тўпни назорат қилиб, қарорлар қабул қилишига йўл қўйганимиз бўлганди. Ҳар қанча зоналарни ёпишга ҳаракат қилмайлик, рақиб футболчиларининг индивидуал малакаси ва даражасини ҳам ҳисобга олиш керак. Ҳа, Осиёда бундай ўйин билан бемалол дарвозамизни дахлсиз сақлашимиз мумкин, лекин Диас каби футболчилар бундай бўшлиқдан қандай фойдаланишини ўтказиб юборган биринчи голда ҳаммамиз кўрдик.
Португалияда янаям кучлироқ ярим ҳимоячилар тўп суради ва ҳимоячилар ортидан очиладиган вингерлар ҳам тезкорроқ. Конго марказни ҳар қанча ёпишга уринган бўлса-да, бошқа бир куни айнан шу услуб билан бир қанча марта жазоланиши ҳам мумкин эди. Қуйидаги расмларга қаранг:
Португалия таркибида Нету, Мендеш, Леау, Консейсау каби тезкор футболчилар ҳимоячилар орқасида керакли ҳудудларни осон топиши, Бруну Фернандеш ва Витиня каби ўйинчилар эса исталган пайтда уларни ажойиб пас билан таъминлаши мумкин. Шунинг учун, айниқса, қанотларда ўйнайдиган марказий ҳимоячиларимиз ҳушёр бўлишлари, шунингдек, таянч ярим ҳимоячилари ва ҳимоя чизиғи орасидаги зоналар қаттиқ қўриқланиши керак бўлади.
Ушбу Жаҳон чемпионатида бир қатор йирик ҳисоблар билан бирга, ўртадаги жамоалар фарқидан қатъи назар, кучли мотивация ва тартибли ҳимоя ёрдамида натижага эришаётган жамоаларни ҳам кўриб турибмиз. Ўзбекистон ҳам бемалол мана шундай жамоалар сафида бўлиши мумкин эди, лекин Колумбия билан ўйинда айнан кичик хатолар бизга панд берди. Ўйин даражаси бўйича, чамамда, биз нисбатан кичикроқ ҳисобдаги мағлубиятга, ҳатто дурангга ҳам муносиб эдик.
Тўғри, Португалиядек терма жамоа бир турнирнинг ўзида қаторасига икки марта совға улашишига ишониш қийиндек туюлади, бироқ унутмайликки, биз ҳам ҳали ўз омадимизни ишлатишга улгурганимиз йўқ!








