Daryo

Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан “Тинчлик кенгаши” битимини имзолади

Ўзбекистон ва АҚШ президентлари “Тинчлик кенгаши” битимини имзолади. Маросим Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтди.

2 дақиқа ўқиш8 907 кўришлар0 изоҳ7

Шавкат Мирзиёев 22 январь куни Швейцариянинг Давос шаҳрида Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этди. Тадбир Дональд Трамп раислигида ўтказилди.

Маросимда Аргентина, Арманистон, Баҳрайн, Болгария, Индонезия, Иордания, Марокаш, Мўғулистон, Озарбайжон, Парагвай, Покистон, Қатар, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Туркия, Венгрия ва бошқа давлатларнинг раҳбарлари, бош вазирлари ҳамда ташқи ишлар вазирлари қатнашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тинчлик кенгашининг ташкил этилиши Ўзбекистон ташқи сиёсатининг тинчликни таъминлаш, минтақавий ва глобал барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор йўналишларига мос келиши қайд этилди. Янги тузилма Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши резолюцияси билан қўллаб-қувватланган Ғазо секторидаги можарони тугатиш бўйича комплекс режани амалга ошириш доирасида шакллантирилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кенгаш фаолияти можаронинг кескинлашув хавфини камайтириш, Ғазо секторида иқтисодий ва ижтимоий тикланиш учун шароит яратишга қаратилган. Бу эса фаровон иқтисодиёт ва тинч ҳаётга эга “Янги Ғазо”ни барпо этиш, истиқболда Фаластин давлатини тузиш имкониятини юзага келтириши кўзда тутилмоқда.

Қайд этилишича, Тинчлик кенгаши таркибига жаҳоннинг турли мамлакатларидан нуфузли ва таъсирга эга етакчилар киритилган. Низомни имзолаш орқали Ўзбекистон кенгашни таъсис этган давлатлардан бирига айланди ҳамда унинг фаолиятида изчил иштирок этиш, шунингдек, таъсисчи давлатлар ва халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликда кенгаш ваколатларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбарига 19 январь куни Яқин Шарқда тинчликни мустаҳкамлаш ва можароларни ҳал этишга қаратилган халқаро ташаббусга қўшилиш бўйича АҚШ президентидан расмий таклиф мактуби келиб тушганди.

Ташаббус доирасида узоқ муддатли тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлган давлатларни бирлаштирувчи янги халқаро тузилма — “Тинчлик кенгаши”ни ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу тузилма Яқин Шарқдаги можароларни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал этишга хизмат қилиши қайд этилган.

Ўзбекистон Республикасига “Тинчлик кенгаши”га таъсисчи давлат сифатида қўшилиш таклиф этилганди. Давлат раҳбари америкалик ҳамкасбига йўллаган жавоб мактубида Ўзбекистоннинг ушбу кенгашга таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёр эканини билдирган.

Президент Шавкат Мирзиёев ўз мактубида мазкур ташаббусни Яқин Шарқда кўп йиллардан буён давом этиб келаётган низоларни ҳал этиш, кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлаш йўлидаги муҳим ва долзарб қадам сифатида баҳолаган.

Navoiydanman. Jurnalistika va ommaviy kommunikatsiyalar universitetining Internet jurnalistika yoʻnalishini tamomlaganman. “Daryo”da 2026-yildan buyon Mahalliy xabarlar boʻlimida muharrir sifatida faoliyat yuritib, yangiliklar va jamlanmalar yozaman. Zemekisning “Forrest Gamp” filmini 20 martadan koʻproq tomosha qilganman. Kafkaning “Qalʼa” romanini qayta-qayta oʻqiyman.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар