Daryo

Қишда автомобиль ва ҳайдовчи хавфсизлиги: энг кўп учрайдиган хатолар ва ечимлар

Қишда қор ва муз туфайли машина бошқариш қийинлашади — тормоздан тўғри фойдаланиш йўлдаги хавфсизликнинг асосий омили ҳисобланади. Ғилдиракларнинг блокировка бўлишига ва автомобиль бошқарувини йўқотишга олиб келадиган кескин тормозлашдан сақланиш муҳим.

4 дақиқа ўқиш26 458 кўришлар0 изоҳ16

Автомобиль узоқ вақт совуқда турган бўлса, ҳайдовчиларга моторни қиздириш тавсия этилади.

Автоэксперт Александр Касяненконинг фикрича, замонавий ички ёнув двигателлари узоқ вақт иситишни талаб қилмайди, айниқса синтетик мойлар ишлатилганда. Бироқ совуқда узоқ вақт тургандан сўнг озгина “қиздириб олиш” фойдадан холи бўлмайди.

Моторнинг бир неча дақиқа “холостой” туриши мойнинг тизим бўйлаб бир текис тақсимланиши учун етарли. Бу ҳаракатни бошлаш пайтида юқори даражадаги ейилиш хавфини камайтиришга ёрдам беради.

Бундан ташқари, совуқ мавсумида тажрибали ҳайдовчилар ҳам жиддий ҳалокатга олиб келиши мумкин бўлган одатий хатоларга йўл қўяди. Булар: 

Қишки резинадан фойдаланмаслик

Баъзи ҳайдовчилар (айниқса, нисбатан иссиқ ҳудудларда) қишки резина керак эмас деб ҳисоблашади. Бироқ ҳар қандай автоэксперт қиш мавсумида ёзги шиналардан фойдаланиш тормозланиш масофасини сезиларли даражада оширишини таъкидлайди.

Қишки шиналар қор ва муз учун мўлжалланган таркиби ва протектори туфайли ҳайдаш пайтида хавфсизликни кафолатлайди. Шу билан бирга шиналар автомобилнинг барча ғилдиракларига ўрнатилиши керак.

Автомобилнинг қишга етарлича тайёр эмаслиги

Кўплаб ҳайдовчилар қишдан олдин автомобиль ҳолатини текширмайди. Аммо тажрибали ҳайдовчилар доимо машинани кўздан кечиради, бунга аккумулятор, иситиш тизими, тормозлар ва ойна тозалагичларни текшириш киради. Масалан, хира фаралар йўлдаги кўринишни ёмонлаштиради, бу айниқса қор ёғаётганда ва қоронғи пайтда жуда хавфли.

Шунингдек, совуқ тушишидан олдин ойна тозалагичларнинг чўткаларини янгилаш тавсия этилади. Шунда улар кўришни қийинлаштирадиган муз, қор ва бошқа ёғингарчиликларда яхшироқ ишлайди.

Тормоздан нотўғри фойдаланиш

Қишда қор ва муз туфайли машина бошқариш қийинлашади — тормоздан тўғри фойдаланиш йўлдаги хавфсизликнинг асосий омили ҳисобланади. Ғилдиракларнинг блокировка бўлишига ва автомобиль бошқарувини йўқотишга олиб келадиган кескин тормозлашдан сақланиш муҳим. Бунинг ўрнига секин тормозлашни тавсия этамиз: аввал газни бўшатиб, кейин машинани кескин ҳаракатларсиз секинлаштириш учун тормозни эҳтиёткорлик билан босинг. Бу сирпанишнинг олдини олишга ёрдам беради ва кутилмаган вазият юзага келганда сизга кўпроқ вақт беради.

Етарли ёнилғи захираси бўлмаслик

Қиш мавсумида ҳайдовчилар кўпинча бакдаги ёнилғи миқдорининг етарлилигига эътибор бермайди — у камида ярмигача тўла бўлиши лозим. Аслида ҳарорат ўзгаришлари бак деворларида конденсат ҳосил бўлишига олиб келади. Бунда ёнилғи миқдори қанчалик кам бўлса, ёнилғи тизимининг барқарор ишлашини издан чиқариши мумкин бўлган конденсат пайдо бўлиш эҳтимоли шунчалик юқори бўлади. Ҳеч қачон машинани деярли бўш бензин баки билан қолдириш мумкин эмас: музлаган конденсат насос ишлашини бузади ёки уни бутунлай ишдан чиқаради.

Қишда етарли ёнилғи захирасини сақлаш нафақат техник носозликларнинг олдини олади, балки йўлда қўшимча хавфсизликни ҳам таъминлайди. Мисол учун, агар машина бузилса ва узоқ вақт ёрдам кутишга тўғри келса, ёнилғи захираси салон ҳароратини узоқроқ вақт иссиқ сақлашга имкон беради.

Қиш кунларида автомобилингиз билан йўлда қолиб кетмаслик учун зарур бўлган қуйидаги керакли буюмларни ўзингиз билан олиб юринг.

Қулф музларини эритувчи ва силикон мой

Мутахассисларнинг тажрибасига кўра, ҳайдовчи дуч келадиган биринчи муаммо — бу музлаган қулфлар ва эшиклар бўлиши мумкин. Эшикларнинг резина зичлагичларига вақти-вақти билан таркибида силикон бўлган мой суртиб туриш керак, шунда улар музлаб қолмайди. Қотиб қолган қулфлар учун эса махсус восита — музни эритувчи спрей ёрдам беради. Унинг таркибидаги спирт ва силикон туфайли муз тезда эрийди. Айтганча, зичлагичлар ва қулфларга совуқ тушмасдан олдин ҳам ишлов бериш мумкин, бу ҳолда муаммоларнинг олдини олиш осон бўлади.

Чўтка, қирғич ва белкурак

Автомобиль эшиги очилгач, устини қордан тозалаш учун чўтка ва музни қириш учун қирғич керак бўлади. Ишни тезлаштириш учун ойналарни эритувчи восита ёрдам беради.

Шунингдек, белкурак олиб юриш мақсадга мувофиқ — шунда қорни тозалаш анча кам вақт ва куч талаб қилади. Албатта, катта курак тезроқ ёрдам беради, аммо буклама кичик варианти ҳам иш беради.

Ўт олдириш симлари ёки автоном ишга тушириш қурилмаси

Совуқдан қуввати тугаган аккумуляторни бошқа машина ёрдамида ўт олдириш мумкин, бунда ҳайдовчига юқори кучланишли сим керак бўлади.

Агар пухта тайёргарлик кўрилса, бошқаларнинг ёрдамисиз ўт олдириш вариантини танлаган маъқул. Бунинг учун сизда автоном ишга тушириш қурилмаси бўлиши лозим. Сиғими 14 000 мА/соат бўлган бундай гаджет учтагача аккумуляторни ўт олдира олади.

Кимёвий иситкичлар, повербанклар ва фонар

Узоқ сафарларда, айниқса кечаси йўлда қолиб кетиш эҳтимоли бўлганда автоном энергия, иссиқлик ва ёруғлик манбаларини олиб юриш керак. Агар мотор бирор сабабга кўра ўчиб қолса, смартфонингиз қуввати тугаб қолмаслиги учун повербанк асқатади. Фонар эса ёруғлик билан таъминлайди, совиб бораётган автомобилда эса исиниш учун кимёвий иситкичлар тўплами ёрдам беради.

Сув ўтказмайдиган қўлқоп ва ёпинчиқ

Бундай нарсаларга кўпчилик эътибор бермайди. Ойналарни қордан тозалаш, ғилдиракни алмаштириш, моторни текшириш ёки машинани чуқурдан чиқаришда ўзингизни совуқ ва лойдан ҳимоя қилсангиз, иш осонроқ кечади. Бундай пайтда иссиқ резинали қўлқоп ва захира нимча ёки куртка жуда асқатиши мумкин. Айниқса, доим машинада юриб, қишки кийим киймайдиганлар учун бу жуда муҳим.

Toshkent viloyati Yangiyo‘l tumanida tug‘ilganman. Hozirda Alisher Navoiy nomidagi davlat Adabiyot muzeyida tayanch doktorantura (PhD)da o‘qiyman. “Daryo”da 2018-yildan beri musahhih va muxbir lavozimida ishlayman. Sevib o‘qiydigan kitoblarim juda ham ko‘p: Nodar Dumbadze “Abadiyat qonuni”, Harper Li “Mazaxchining o‘ldirilishi”, Gabriel Garsia Markes “Yolg‘izlikning yuz yili”, Chingiz Aytmatov “Kassandra tamg‘asi”, Mixail Bulgakov “Usta va Margarita”, O‘tkir Hoshimov “Ikki eshik orasi”, Ulug‘bek Hamdam “Sabo va Samandar”... Sevimli filmlarim ham turli janrda: DiKaprio ishtirokidagi “Ibtido” va “La’natlanganlar oroli”, “Shoushenkdan qochish”, “Yo‘-yo‘l pijamali bolakay”, “Ameli”, “Qotillikni xotirlab”. Bundan tashqari, Hayao Miyazakining animelari jon-u dilim.

Telegram канал@daryo_kirillОбуна бўлиш

Сиз қандай фикрдасиз?

Аввал фикрингизни ёзинг. Юборишда ҳисобингизни тасдиқлайсиз.

Ўхшаш янгиликлар