“Манчестер Сити” бош мураббийи Хосеп Гвардиола Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичининг 7-турида “Будё Глимт”га қарши ўйинда (1:3) қайд этилган мағлубият юзасидан фикр билдирди.
“Мен ‘Будё Глимт’ жамоасининг қанчалик кучли эканини яхши биламан, уларни асло менсимаслик ҳолати бўлган эмас. Ўтган мавсумда уларнинг Европа Лигаси ярим финалига чиққани ҳамон ёдимизда. Бизда эса муҳим футболчиларнинг жароҳатлари бор. Бундан ташқари, жамоамиз учрашувни 11 кишига қарши 10 нафар футболчи билан якунлади. Энди ‘Вулверхемптон’ ва ‘Галатасаройъга қарши ўйинларда вазият динамикасини ўзгартиришимиз керак. ‘Манчестер Юнайтедъга қарши баҳсда суст ҳаракат қилган эдик, аммо бугун ундай бўлмади. Таркибимизда Савинё ҳам, Жереми Доку ҳам йўқ — яъни асосий вингерларимиз сафда эмас эди. Бошқа позицияларда ҳам барқарорликни таъминлай оладиган футболчилар етишмаяпти. ‘Будё Глимт’ жуда яхши ташкил этилган жамоа эканини кўрсатди, бизга осон бўлмади. Рақиб ҳақиқатан ҳам яхши ўйин намойиш этди ва биз уларни табриклаймиз. Ҳозир кўплаб жиҳатларда ишларимиз юришмаётгандек туюлмоқда ва буни ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз керак”, дейди Гвардиола учрашувдан кейинги матбуот анжуманида.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов УЕФА Чемпионлар Лигаси 7-туридан ўрин олган “Будё Глимт” — “Манчестер Сити” учрашувида (3:1) асосий таркибда майдонга тушиб, 90 дақиқа давомида ҳаракат қилди.
Ҳусанов ўйин давомида 110 марта тўп билан муомала қилди. У жами 96 та узатма амалга оширди, уларнинг 94 таси аниқ манзилга етиб борди — 98 фоиз аниқлик. Sofascore портали футболчининг ўйинини 6,3 балл билан баҳолади.
“Будё Глимт” УЕФА Чемпионлар Лигаси жорий мавсумидаги дастлабки ғалабасини қўлга киритди ва очколарини 6 тага етказган ҳолда турнир жадвалида 27-ўринга кўтарилди. “Манчестер Сити” эса 13 очко билан 7-ўринга эгаллаб турибди.








